Даҳанаки жанг Қодиров фойдасига ҳал бўлди

Рамзан Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Чеченистон парламенти ўқувчи қизларнинг мактабга ҳижобда келишларига рухсат берди.

Якуний ўқишда бу хусусда "Маориф тўғрисида"ги қонунга киритилган тузатишларни маъқуллади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Янги ўзгартиришларга мувофиқ, "ўқувчилар ўз диний эътиқодларига мувофиқ кийинишга ҳақли бўлишади".

Бунга эса, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ва Маориф вазири Ольга Васильева ўртасида ҳижобнинг устидан келиб чиққан ошкора даҳанаки жанг сабаб бўлди.

Бу минтақавий парламентдагиларнинг таъкидлашларича, диний либос ва рамзларда юриш ҳуқуқи ҳам Россия ва ҳам Чеченистон Конституциясида кўзда тутилган.

Агар, "Кавказский узел" порталига таянилса, пойтахт Грознийдаги мактаблар ўтган ўқув йилидан бошлаб ягона махсус либосга ўтишган.

Ўқувчи қизларнинг янги мактаб либосларидан рўмол ҳам ўрин олган.

Аммо Россиянинг қатор минтақаларида ҳижоб масаласи мамлакат Олий маҳкамаси томонидан тартибга солинган.

2013 йилда маҳкама Ставрополь ўлкасидаги ўрта таълим мактабларида ҳижобда келишни қонунан маън этганди.

Бу йил эса, ҳижоб масаласи Чеченистон президенти ва Маориф вазири ўртасидаги даҳанаки жанг боис яна кун тартибига қайтган.

Ольга Васильева хонимлари Россия мактабларида ўқувчиларнинг ўз диний мансубликларини кўрсатишларига ҳожат йўқлигини айтган.

Рамзан Қодировнинг бунга жавоб анчайин эмоционал бўлган.

Чечен раҳбари "Маориф вазири маҳаллий раҳбарларни тузатишнинг ўрнига, "ўз шахсий қарашлари"ни миллионлаб одамлар онгига тиқиштириши ғалати экани"ни айтган.