Шинжон: Хитой соқол ва ниқобни тақиқлади

Уйғурлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитой Шинжон Уйғур мухтор ўлкасида янги чекловлар жорий этган, эркакларнинг "ғайритабиий" узун соқол ва хотин-қизларнинг жамоатчилик жойларида ниқобда юришларини тақиқлаган.

Бундан ташқари, маҳаллий аҳолининг Хитой давлат телевидениесини кўришдан бўйин товлашларини ҳам маън этиб қўйган.

Хабарларга кўра, янги чекловлар "исломий экстремизм"га қарши кампания доирасида амалга оширилган.

Шинжон, йилларки, ҳақлари топталишидан шикоят этиб келаётган мусулмон уйғурларининг она ватани бўлади.

Бу мухтор ўлка охирги пайтларда қатор қонли тўқнашувларга ҳам саҳна бўлиб келади.

Хитой ҳукумати эса, зўравонликларда исломий жангарилар ва бўлгинчиларни айблайди.

Аммо инсон ҳақларини сақлаш гуруҳлари бу борада тамом бошқача фикрда.

Улар бу исёнчилик амалларини расмий Пекиннинг "репрессив сиёсати"га боғлашади.

Бундан ташқари, Хитой томонидан минтақада жорий этилган янги чора-тадбирлар айрим уйғурларни янада экстремизм сари ундаши билан ҳам огоҳлантиришади.

Хабарларга кўра, Шинжонда аллақачон амалда бўлган бу чекловлар шу дам олиш кунларида қонуний тус олади.

Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги ёзишича, янги қонунлар бундан ташқари:

  • Болаларнинг давлат мактабларига чиқмасликлари;
  • Оилани режалаштириш сиёсатига амал қилмаслик;
  • Қасддан расмий ҳужжатларга зиён етказиш;
  • Фақат диний аҳкомлар асосида оила қуришни

маън этади.

Буларнинг барчасига қўшимча бошдан-оёқ ниқобда бўлган хотин-қизларнинг вокзал ва аэропорт каби жамоатчилик жойларига киришларига изн берилмайди.

Янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, хизматчиларнинг улар ҳақида полицияга хабар беришлари ҳам лозим кўрилади.

Шинжондаги уйғурлар

  • Уйғурлар этник туркий тилли мусулмонлардир;
  • Улар минтақа аҳолисининг 45 фоизга яқинини ташкил қилишади;
  • Маҳаллий аҳолининг қолган 40 фоизи Хитой ханлари ҳиссасига тўғри келади;
  • Хитой Шарқий Туркистонни босиб олиш орқали 1949 йилда минтақада ўз назоратини ўрнатган;
  • Ўшандан буён Шинжонга Хитой ханларини кўчириб келтиришда давом этиб келади;
Фото муаллифлик ҳуқуқи Map