Эмлатиш - динга зидми?

Эмлаш Фото муаллифлик ҳуқуқи iStack

Аён бўлишича, Қирғизистоннинг жанубий Ўш шаҳрида гўдакларни эмлатишдан бош тортаётганлар сони ортмоқда.

Бу каби оилалар эса, ўз қарорлари сабабини диний заминда изоҳлашмоқда экан.

Қирғизистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги буйруғи асосида мамлакатда турли хил касалликларга қарши эмлаш ишлари туғруқхонадан бошлаб, бола токи мактабнинг ўртанча синфини тамомлагунга қадар амалга оширилади.

Икки ой аввал ўғил фарзандли бўлган Алишер ҳар бир ота-она фарзандларини эмлатишда ўз ҳуқуқ ва бурчларини билиши лозим, деб ҳисоблайди.

"Биз ўғлимизни туғруқхонада эмлатмадик. Сабаби - дорилар таркибида инсон соғлиги учун зиёнли моддалар бор экан. Бу ҳақда мен турли манбалардан маълумот олганман. Ҳар ойда ҳудудий поликлиникага бориб, ўғлимни врач кўригидан ўтказамиз. У ерда ҳам бизга болани эмлатиш кераклигини айтишди. Мен уларга Қирғизистон қонунчилигида кўрсатилган ота-она ҳақ-ҳуқуқларига таянган ҳолда, ўғлимни эмлатмаслик тўғрисида рад аризамни ёзиб бердим. Ўшандан кейин сўрамай қўйишди", - дейди Алишер биз билан суҳбатда.

Унинг фикрича, кўп ҳолларда ота-оналар эмлатмаслик сабабларини диний асосда тушунтиришлари боис, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув остига ҳам тушишади.

Хавотирлар

Шифокорлар эса, бу каби ҳолларнинг йил сайин ортиб бораётганидан хавотирда.

Уларнинг огоҳлантиришларича, Қирғизистонда эпидемиологик ҳолат келиб чиқса, бунинг оқибатлари ёмон бўлади.

Ўз ўрнида, шифокорларга кўра, аҳоли орасида тушунтириш ишларини жадаллаштириш пайти етган.

Акс-ҳолда, маълум вақтдан кейин эмланмаган болалар турли юқумли, хавфли хасталикларни тарқатувчилар гуруҳига айланишлари мумкин.

Аммо ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб фарзандини эмлатишдан бош тортган ва тортаётган ота-оналарнинг аниқ сонлари маълум эмас.

Шикоят

Куни-кеча эса, Ўш вилоятининг Ўзган туман шифокорлари бу каби ишга қўл урган 300 га яқин ота-она устидан прокуратурага расман арз қилишган.

Бош иммунолог Жамиля Баетованинг сўзларига кўра, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамай, йил сайин фарзандаларини эмлатишни истамаётган оилалар ортиб бормоқда.

"Ҳозирги кунда бу каби оилаларнинг сони 267 тага етган. Улардан 3 таси Мирзаке қишлоғи, 28 таси Қуршоб ва 246 таси Ўзган шаҳрида. Эмлатишдан бош тортаётганлар интернетдан кўрган видеороликларидан келиб чиққан холда шундай хулосага келмоқда. Уларнинг аризаларини кўриб чиқамиз ва рўйхатга оламиз. Шунингдек, туман прокуратурасига ҳам ариза билан мурожаат қилдик. Ҳозир улар текширмоқда", - дейди шифокор.

Шифокорлар бундан икки йил аввал жойларда қизамиқ касаллиги тарқалганини ёдга солмоқда.

Ўшанда бу юқумли касалликни мингдан ортиқ ёш бола ва катталар юқтириб олишган эди.