Гутерриш Ислом, Қуръон ва мусулмонлар ҳақида

БМТ Бош коти Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дунё бўйлаб мусулмонлар ва араб жамоаларига қарши янглиш қарашлар тарқалиб бормоқда.

Кўплаб одамлар ёлғон тасаввурлар "тўри"га тушиб қолишган.

Улар Ислом ИШИД ва "ал-Қоида"ни даҳшатли амалларга ундовчи куч, деб ўйлашади.

Аслида эса, буларнинг барчаси Ислом дини тамойилларига зид ишлар бўлади.

Бу каби сўзлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш оғзидан янграган.

Бош котиб бу ҳақда Араб Лигасига аъзо давлатларнинг Иорданияда бўлиб ўтган сўнгги саммити чоғида қилган чиқишида тўхталиб ўтган.

Унга кўра, "террорчиларнинг асосий нишони - мусулмонларнинг ўзлари бўлишмоқда".

"Кўплаб сиёсий раҳбарлар ўзларининг калтабин ва худбин мақсадларини кўзлаб, халқбозона ҳийлаю найрангларга боришади, Исломни нотўғри талқин этишади. Нафратнинг урчишига сабаб бўлишади. Бу эса, террорчилар ва экстремистларга қўл келади", - дея баён қилган Антониу Гутерриш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бирлашган Миллатлар Бош котибининг баён қилишича, бу халқаро ташкилотнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари эканлиги пайтида Исломнинг ҳақиқий моҳиятини англаб етган.

Араб давлатларининг меҳмоннавозликлари, зўравонликлар ва таъқиблардан қочиб келган одамларга қанчалик раҳнамолик қилганларига ўзи гувоҳ бўлган.

Антонио Гутерриш шу ўринда муҳожирларга марҳамат кўрсатиш - Арабистон ярим оролида ҳали қадимдан қолган бир анъана эканини хотирлатиб, ҳатто, Қуръондан бунга оид бир оятни мисол қилиб ҳам келтирган.

Бирлашган Миллатлар Бош котибининг якунида баён қилишича, қочқинларга оид замонавий халқаро қонунчиликда кўзда тутилган ҳамма нарса аллақачон "Қуръон"да айтиб бўлинган.

Сўнгги икки йил ичида эса, дунё қочқинлар билан боғлик энг йирик бўҳронлардан бирига юз тутган.

Давомий қуролли низолар боис, аксарияти Сурия, Ироқ, Афғонистон ва яна қатор Африка давлатларидан бўлган юз минглаб қочқинлар жон илинжида ўз йўлларини Европага қараб солишган.

Қочқинлар билан боғлиқ муаммонинг кўламидан, ҳатто, қанчалик ривожланган бўлмасин, Европанинг манаман, деган мамлакатлари ҳам шошиб қолишган.

Миллиардлаб долларлик кўмак ваъдалари, махсус режа ва стратегияларга қарамай, айни муаммо шу кунда ҳам ҳали-ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.