АҚШ Шимолий Кореяни ўзи "ҳал" қилмоқчи

Трамп Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Президенти Дональд Трамп уларга Хитой ёрдам бермаган тақдирда ҳам Шимолий Корея масаласини ўзлари ҳал қилишга тайёр эканлигини билдирган. Трамп "ҳал қилиш" деганда нимани назарда тутганига изоҳ бермаган.

"Агар Хитой Шимолий Корея муаммосини ечишни истамаса, бу ишни биз қилишимиз мумкин. Сизларга айтадиган гапим шу", - деган Трамп Financial Times нашрига берган интервьюсида.

У расмий Пекиннинг Пхенянга катта таъсири борлигини таъкидлаган.

"Хитой Шимолий Корея масаласида ё ёрдам беради ёки бермайди. Агар улар бу ишни амалга оширишса, бу Хитой учун яхши, агар ёрдам бермаса - ҳеч кимга яхши бўлмайди", - деган у.

Журналистнинг ушбу гап Шимолий Кореяга нисбатан Америка томонидан бир томонлама ҳаракат бўлиши мумкинлигини англатадими, деган саволига Трамп "Мен бошқа гапиришга мажбур эмасман. Мутлоқо", - дея жавоб берган.

АҚШ Президенти Пхенян ишини қандай маънода ҳал қилиши мумкинлигига очиқлик киритмаган.

Трампнинг Шимолий Корея борасидаги гапи унинг Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзинпин билан учрашувига бир неча кун қолганда янграмоқда. Бу халқаро жамоатчиликнинг қаршиликларига қарамасдан ядро қуролини такомиллаштиришда давом этаётган Пхенянга яна бир огоҳлантириш сифатида баҳоланмоқда.

Пайшанба куни Дональд Трамп ва Си Цзинпиннинг биринчи учрашуви бўлиб ўтиши керак. Давлат раҳбарлари Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида музокаралар олиб боради.

Вашингтон Шимолий Корея алал-оқибат Америка ҳудудларигача учиб бора оладиган ракета ядро қуролини ишлаб чиқишидан хавотирга тушган.

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон март ойида Сеулга қилган ташрифида, АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан "стратегик сабр" сиёсати тугаганини билдирганди. Пхенянга нисбатан куч ишлатилиши мумкинми, деган саволга у АҚШ барча вариантларни кўриб чиқаётганини айтган.

Шундан сўнг Шимолий Корея Сохэ ҳарбий полигонида янада баландга тортувчи янги ракета двигатели синовини ўтказгани маълум бўлди. Март ойида Шимолий Корея 4 баллистик ракета учирди ва уни Американинг Япониядаги ҳарбий базаларига берилувчи зарба олдидан репетиция, дея атади.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ