Санкт-Петербург метросида портлаш, қурбонлар бор

портлаш Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube/amsheegar sd

Россиянинг Санкт-Петербург шаридаги метро бекатида портлаш рўй берган. Ижтимоий тармоқларга тарқалган суратларда пачоқланган вагон ва ерда ётган одам таналари кўринган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 10 киши ҳалок бўлган, 47 одам жароҳатланган. Уларнинг олттаси оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

Портлаш "Сенная площадь" ида бўлган.

Петербург метрополитени матбуот хизмати метро вагонида портлаш бўлганлигини тасдиқлади. Даслабки маълумотларга кўра, "номаълум предмет" портлаган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 кишининг қурбон бўлганини айтмоқда. 47 одам жароҳатланган.

Айрим хабар нашрларига кўра, жароҳатланганларнинг ичида ёш болалар ҳам бор.

Интерфакс агентлиги манбасининг айтишича, портлаган нарса қўлбола портловчи қурилма ва у санчилувчи элементларлар билан тўлдирилган бўлиши мумкин.

Санкт-Петербургдаги барча метро станциялари ёпиб қўйилган.

Шаҳарда ярим миллион атрофида ўзбекистонлик меҳнат қилади. Ўзбекистонлик мигрантларнинг сони кўплиги бўйича Петербург Москвадан сўнг иккинчи ўринда туради.

Сўнгги маротаба Москва шаҳридаги метрода 2010 йили портлаш содир бўлган эди. Ўшанда 45 дақиқалик фарқ билан "Лубянка" ва "Парк культуры" бекатларида портловчи қурилма ишга тушган.

Икки портлаш натижасида 41 одам ҳалок бўлган ва 88 киши жароҳатланганди.

Хабар тўлдирилиб борилади.

Агар сиз воқеа жойида бўлсангиз бизга Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишингиз мумкин. Телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бундан ташқари Facebook ва Однокласники орқали BBC Uzbek ни топиб бизга гувоҳ бўлганларингизни билдиринг.