Россиядаги портлашда ўзбекистонлик ҳам жароҳатланган

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тасвирларда портлашдан сўнгги илк дақиқалардан йўловчиларнинг вагонларни тарк этаётгани акс этган

Санкт-Петербург метросидаги портлашда 70 га яқин жароҳат олганларнинг орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор. Унинг ҳолати борасида тўлиқ маълумот йўқ, лекин ҳозир шифохонада қолмоқда. Қурбон бўлган 14 кишининг ичида Қозоғистон фуқаросининг шахси аниқланган.

Санкт-Петербург мэри жароҳатланган орасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Беларус фуқаролари ҳам борлигини маълум қилган.

Россия Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги жароҳатланганларнинг рўйхатини чоп қилган. Унда 1973 йилда туғилган Хожиакбаров Шурикжон Муҳамматович , 20 яшар Турсунов Умар Илханович ва 24 ёшли Нуриддин Мелибоевларнинг исмларини кўриш мумкин.

Ҳалок бўлганлар орасида қозоғистонлик Максим Аришевнинг шахси аниқланган. Олдинроқ у бедарак йўқолганлар сирасида эди.

14 кишининг ҳаётига зомин бўлган Санкт-Петербург метросидаги портлашни асли қирғизистонлик ва кейинчалик Россия фуқаросини олган Акбаржон Жалилов амалга оширган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат миллий хавфзсизлик қўмитаси маълум қилган. Қўмита портлашларни айнан Жалилов уюштиргани борасида бирор далил бермаган.

Қирғиз хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, бомбани 1995 йили Ўшда туғилган Акбаржон Акрамжонович Жалилов портлатган бўлиши мумкин. Би-би-си қўмитадан бу борада далиллар ҳақида сўраганда, саволга жавоб беришдан бош тортди.

"Биз барча маълумотни ошкор қилдик. Ундан бошқа ҳеч нарса деёлмайман", - деган Қирғизистон Давлат хавафсизлик қўмитаси матбуот хизмати вакили.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Путин ҳодиса яқинидаги хотира бурчагига қўл қўйган

Олдинроқ Санкт-Петербургнинг "Пятый канал" телеканали метрода портлаш уюштирган дея Акбаржоннинг суратини эълон қилганди.

"Изқуварларнинг фикрича, айнан у 2017 йилнинг 3 апрел куни «Сенная площадь» метро бекатидан «Технологический институт» бекатига йўналган поезд вагонида қўлбола портловчи қурилмани ишга туширган. Полицияга кўра, у бундан олдинроқ «Площадь восстания» бекатида қўлбола бомбани қўйиб кетган", - деб ёзилади хабарда.

Расмийлар Акбаржон Жалиловнинг худкушчи бўлгани борасидаги хабарларни тасдиқламаган. Қирғиз хавфсизлик хизмати суриштирув ишлари учун россиялик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Пачоғи чиққан поезд «Технологический институт» метро бекатида тўхтаган

Санкт-Петербург мэри шаҳарда уч кунлик мотам эълон қилган.

Портлаш вақти Санкт-Петербургда бўлган Президент Владимир Путин кечга яқин портлаш жойига борган ва гул қўйган.

Россия терговчилари портлашга доир кўп маълумот беришмаган. Портлашларни ҳозирча бирор гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Портлаш ортидан АҚШ Президенти Дональд Трамп Путинга қўнғироқ қилиб ҳамдардлик билдирган. У адолатнинг қарор топиши учун "барча дастакни" беришини айтган.

"Икки президент Трамп ва Путин терроризм қатъият билан ва тезликда бартараф этилиши кераклигини таъкидлаган", - дейилади Оқ уй маъмурияти чиқарган баёнотда.

Германия канцлери Ангеле Меркел портлашни "варварларча ҳаракат" деган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тиббий ёрдам ходимлари метро бекати тепасида жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган

Ижтимоий тармоқларга тарқалган суратларда пачоқланган вагон ва ерда ётган одам таналари кўринган.

Дастлабки хабарларда ҳар икки «Сенная площадь» ва «Технологический институт» метро бекатларида портлаш бўлганлиги айтилди.

Бироқ кейинчалик Россия Аксил-террор қўмитаси икки станция ўртасида кетаётган поездда, маҳаллий вақт билан соат 14:30 да бир марта портлаш бўлганлигини тасдиқлади.

4 апрелга келиб Санкт-Петербургдаги метро фаолияти қайта йўлга қўйилган.

Шаҳарда ярим миллион атрофида ўзбекистонлик меҳнат қилади. Ўзбекистонлик мигрантларнинг сони кўплиги бўйича Петербург Москвадан сўнг иккинчи ўринда туради.

Сўнгги маротаба Москва шаҳридаги метрода 2010 йили портлаш содир бўлган эди. Ўшанда 45 дақиқалик фарқ билан "Лубянка" ва "Парк культуры" бекатларида портловчи қурилма ишга тушган.

Икки портлаш натижасида 41 одам ҳалок бўлган ва 88 киши жароҳатланганди.

Алоқадор мавзулар