“Хавфсизлик Кенгаши кимёвий ҳужумни қораласин!”

Ҳаво ҳужумида жабрланганлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг уч доимий аъзоси ҳисобланган мамлакат - АҚШ, Британия ва Франция Суриядаги сўнгги кимёвий ҳужумни қоралаш талаб қилинган резолюциянинг лойиҳасини Хавфсизлик Кенгашига тақдим этганлар.

АҚШ, Британия ва Франция тақиқланган кимёвий қуролни Идлиб вилоятидаги Хан-Шайхун шаҳрида қўллашда Сурия ҳукуматини айбламоқдалар.

4 апрел эрталаб рўй берган ҳужум оқибатида 72 инсон ҳалок бўлган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига таклиф этилган резолюция лойиҳасида Сурия ҳукуматидан Идлиб вилоятидаги ҳужумга ойдинлик киритиш талаб қилинади.

Бунинг учун Президент Башар ал-Ассад ҳукумати кимёвий ҳужум борасида халқаро тергов ўтказилишини таъминлаши, текширувчиларга ҳарбий авиабазаларни бориб текшириб кўришларига рухсат бериши, 4 апрел куни Сурия армияси таркибидаги тикучарлар амалга оширган парвозлар, вертолётлар жойлашган ҳарбий қисмлар раҳбарларининг исм-шарифларини тақдим этиши талаб қилинган.

Сурия ҳукумати ўзининг кимёвий ҳужумга алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Бундан олдин ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашига Сурия ҳукуматининг амаллари қораланган бир неча резолюция илгари сурилган.

Бироқ Президент Башар ал-Ассадга ҳарбий ёрдам бериб келаётган Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия билан Хитой бошқа доимий аъзоларнинг резолюцияси лойиҳасига вето киритган эдилар.

Суриядаги Инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилиш гуруҳи гувоҳларга таяниб хабар тарқатишича, сешанба куни эрталаб Сурия шимоли-ғарбида жойлашган Идлиб вилоятидаги Хан-Шейхун шаҳарчаси ҳаводан бомбардимон қилинган.

Суриялик фаолларнинг тахмин қилишларича, ҳужумни Сурия ёки Россия учоқлари содир этган.

Портлаш рўй бериши билан инсонлар нафаси сиқилиб ўлишни бошлаганлар.

Айримлар қайт қила бошлаганлар, баъзи одамларнинг оғзидан кўпик келган.

Ҳужум оқибатида 58 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

5 апрел тонгига келиб газ ҳужуми оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг сони 72 га етгани, уларнинг 20 нафари бола, 17 нафари аёл экани ҳақидаги хабар тарқалди.

Ҳужум қурбонлари шифохонага олиб борилганлар ва уларга тез тиббий ёрдам бериш бошланган.

Сурия мухолифати фаолларининг хабар тарқатишларича, ўша пайтда шифохона яна ҳаво ҳужумига тутилган.

4 апрел тунида Россия Мудофаа вазирлиги баёнот тарқатди ва инсон ҳаёти учун хатарли газдан фойдаланишда Президент Ассад режимига қарши қўлига қурол олиб урушаётган исёнчиларни айблади.

Россия ҳарбийларига кўра, Хан-Шейхунга ҳаво ҳужумини Сурия ҳарбий учоқлари амалга оширган.

Нишонга "террорчиларнинг йирик қурол-яроғ омбори ва ҳарбий техника жамланган жой" олингани айтилган.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, ҳарбий омбор ичида заҳарли моддалар солинган миналарни ишлаб чиқарадиган цех ҳам бўлган ва бу миналарни жангарилар Ироқ ҳудудида қўллашни режалаган бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.