Аун Сан Су Чи: "Этник тозалаш" дейиш ҳаддан ошириб юбориш

Аун Сан Су Чи Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мянмарнинг амалдаги раҳбари Аун Сан Су Чи мамлакатида Роҳинжа мусулмонларига нисбатан этник тозалаш юз бераётганини рад этди.

Охирги йилларда Роҳинжа мусулмонлари учун Бирмада яшаб бўлмай қолгани ҳақидаги хабарлар жуда кўп тарқалди, Би-би-сига эксклюзив интервьюсида Нобель мукофоти лауреати Аун Сан Су Чи мусулмонлар ҳуқуқлари поймол этилаётганини инкор этган.

Аун Сан Су Чи Роҳинжа мусулмонлари яшаб келган Рахине штатида муаммолар бор, лекин Роҳинжаларга қарши этник тозалаш бўлаяпти, дейиш ҳаддан ошириб юбориш бўлади, деган.

"Бу ерда этник тозалаш бўлаяпти, деб ўйламайман. Ўйлайманки, этник тозалаш деган таъриф юз бераётган нарсаларга нисбатан жуда қаттиқ ифода", деб айтган Би-би-сининг махсус мухбири Фергал Кеане билан суҳбатда.

"Бу ерда катта душманлик бор - агар расмийлар билан ҳамкорлик қилаяпти, деб ўйласалар, мусулмонлар мусулмонларнинг ўзини ўлдираяптилар", деб айтган Сан Су Чи.

"Бу сиз айтаётгандек этник тозалаш масаласи эмас - бу бўлинишнинг икки тарафида бўлиб қолган инсонларнинг масаласи. Биз бу бўлинишни йўқотишга ҳаракат қилаяпмиз", деган Су Чи хоним.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бангладешдаги қочқинлар жамлоғида яшаётган қизалоқ кўз ёшларини тўхтатолмайди.

Мянмар ҳукумати Роҳинжа мусулмонларига фуқаролик беришни рад этиб келади.

Роҳинжаларнинг ота-боболари шу ерда яшаб келганига қарамасдан, уларга Бангладешдан келган нолегал мигрантлар деб қаралади, улар мунтазам равишда расмий ва жамоавий камситишларга юзма-юз келадилар.

2012 йили рўй берган зўравонликлардан кейин ўн минглаб Роҳинжалар ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар, ҳозир улар Бирманинг ўзидаги, Бангладешдаги қўлбола қочқинлар жамлоқларида кун ўтказмоқдалар.

Рахине штатида Мянмарнинг 9 полициячиси ўлдирилганидан кейин бу штатда гўёки ҳужумчиларни қидириб топиш важи билан йирик ҳарбий амалиётлар бошланди.

Аслида ҳарбий амалиёт деб номланган ҳаракатлар Роҳинжаларга нисбатан қирғинга айлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Сўнгги ойларнинг ўзида 70000 атрофида Роҳинжанинг Бангладешга қочиб ўтишдан ўзга чораси қолмади.

Ўтган ой Бирлашган Миллатлар ташкилоти Мянмар ҳарбийларининг қотилликлар, қийноқлар ва жинсий зўрлашларни содир этганлари устидан тергов ўтказишга чақирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Роҳинжа мусулмонларига Мянмар фуқаролигини бериш режаси норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлди.

Мянмар ҳукумати бу хабарларни ҳам рад этади.

Дунёдаги кўпчилик назарида Су Чи хонимнинг Роҳинжаларга нисбатан бўлаётган зуғумларга сукут сақлагани унинг халқаро обрўига путур етказди.

Аун Сан Су Чи бир неча ўн йил уй қамоғида сақланган, ҳарбий хунтага қарши курашчи, инсон ҳуқуқлари ва демократия учун кўзга кўринган фаол обрўсига эга эди.

Энди Мянмардаги қудрат Аун Сан Су Чи қўлига ўтганидан кейин Роҳинжалар масаласида кўзини юмиб келаётгани учун у халқаро босимлар остида қолмоқда, бу босим тобора ортиб бормоқда.

Би-би-си билан суҳбатда у бу саволга бундан олдин жавоб берганман, деб айтди.

"Савол 2013 йили Рахинеда охирги зўравонликлар бошлангандан буён кўтариб келинади. Ва улар(журналистлар) менга савол беришлари ва мен уларга жавоб беришим ва одамлар мени ҳеч нарса айтмади, дейишлари мумкин. Бунинг сабаби оддий, чунки мен одамлар хоҳлаган баёнотларни, мен қилишимни хоҳлаган баёнотни, яъни мен бир жамоани ёки бошқасини қоралайдиган баёнотларни бермадим", деб айтган Аун Сан Су Чи.

Аун Сан Су Чи айтишича, у ўтган йили октябрида нега ҳужумлар содир бўлгани сабабини билмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бангладеш ҳудудига қочиб ўтган Роҳинжа мусулмонлари ташкикл қилган рўйхатдан ўтказилмаган қочқинлар жамлоғи

Бироқ бу Мянмар давлати билан бошқа турли қуролли этник гуруҳлар ўртасида бошланган тинчлик музокараларини издан чиқариш уриниши бўлиши мумкин, деб айтган.

Су Чи хоним, шунингдек, Мянмар армияси "кўнглига келганини қилавермайди", деган.

"Улар жинсий зўрлаш, талон-тарож қилиш ва қийноққа солиш борасида ўз эркига қўйиб қўйилмаганлар. Улар бориб жанг қилишда эркиндирлар. Бу конституцияда ёзилган. Ҳарбий масалалар армия ихтиёрига берилиши керак", деб айтган у.

Аммо Аун Сан Су Чи ҳукумат ҳарбийлар устидан назоратни ўз қўлига олишга умид қилаётганини тан олди.

Мамлакатдаги жорий конституция бўйича ҳарбийлар қудратдаги партиядан мустақил равишда фаолият юрита олади.

Оғир аҳволдан қочиб Мянмарга қўшни мамлакатларга қочиб кетган Роҳинжалар ортга қайтишлари мумкин, деб айтган Су Чи.

"Агар улар қайтишса, улар хавфсиз бўлишади. Бу нарса уларнинг ўзининг ихтиёрида, айримлар қайтишди ҳам. Биз уларнинг ортга қайтишларини хуш қаршилаймиз", деб айтган Аун Сан Су Чи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ