Туркия: 'Идлибда кимёвий қурол ишлатилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 4 апрел эрталаб рўй берган ҳужум оқибатида 72 инсон ҳалок бўлган.

Туркияда ўтказилган текширувлар Суриянинг Идлиб вилоятида тинч аҳолига қарши кимёвий қурол ишлатилганини тасдиқлаган.

Бу ҳақда Туркия Адлия вазири Бакир Бўздоғ маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Идлибда ҳалок бўлганларнинг жасадларини ёриб кўриш натижасида кимёвий қурол қўлланилгани тасдиқланган.

"Жасадларни ёриб кўриш натижасида маълум бўлдики, Идлибда кимёвий қурол ишлатилган", - деб айтган турк ҳукумати мулозими.

Сешанба куни эрталаб Идлиб вилоятининг Хан-Шайхун шаҳридаги бомбардимонлар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг кўпчилигида оғир кимёвий захарланиш асоратлари кузатилган.

30 киши чегара оша қўшни Туркияга етказилган, улардан 3 нафари вафот этган.

Сурия ҳарбийлари кимёвий қурол ишлатганини рад этмоқда.

Уларга кўра, заҳарли газлар Ал-Қоидага алоқадор "Ҳайят Таҳрир аш-Шом" гуруҳи томонидан ишлатилган.

Россия ҳарбийларининг фаразича, Сурия ҳаво кучлари жангариларнинг кимёвий қурол сақланган йирик омборини нишонга олган.

Аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Сурияда тинч аҳолига қарши афтидан, кимёвий қурол ишлатилганини қоралаган.

"Бу инсониятга қарши ҳақоратдир. Бегуноҳ одамлар, болалар ва чақалоқларни ўлдириш чегарани ошишдир", деб айтган Трамп.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Россияга 2013 йилдаги битимга мувофиқ, Суриядаги кимёвий қуролларни йўқ қилиш мажбуриятини эслатган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига таклиф этилган резолюция лойиҳасида Сурия ҳукуматидан Идлиб вилоятидаги ҳужумга ойдинлик киритиш талаб қилинади.

Бунинг учун Президент Башар ал-Ассад ҳукумати кимёвий ҳужум борасида халқаро тергов ўтказилишини таъминлаши, текширувчиларга ҳарбий авиабазаларни бориб текшириб кўришларига рухсат бериши, 4 апрел куни Сурия армияси таркибидаги тикучарлар амалга оширган парвозлар, вертолётлар жойлашган ҳарбий қисмлар раҳбарларининг исм-шарифларини тақдим этиши талаб қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.