АҚШ Сурияга ракеталар билан ҳужум қилди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
АҚШ ракеталари Сурияни нишонга олди

АҚШ кимёвий ҳужумга жавоб сифатида Сурия ҳаво базасини ракеталар билан бомбалади. "Томагавк" русумли 59 қанотли ракета Американинг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий кемаларидан учирилган. Президент Дональд Тармп ракеталар Хомс шаҳридаги Шайрат ҳаво базасини нишонга олганини билдирган. Сурия армиясига кўра, ҳужумлар натижасида 6 киши ҳалок бўлган ва катта миқдорда моддий йўқотиш бўлган.

Бу Сурияда уруш бошланганидан бери Президент Асадга қарши АҚШ томонидан илк ҳарбий амалиётдир.

Сурия ҳукуматини қўллаб келаётган Россия ҳужумларни қоралаган.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу ҳужумларни "мустақил давлатга нисбатан агрессив ҳаракат" дея баҳолаган.

"Президент Путин Америка томонидан Сурияга қилинган зарбаларни ўйлаб топилган сабаб билан халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳолда суверен давлатга нисбатан агрессия деб ҳисоблайди. Бу қадам шу вақтгача ҳам ночор аҳволда бўлган Америка-Россия муносабатларига жиддий зарар беради", - деган Песков.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Идлиб вилоятидаги Хон Шейхун шаҳрига бўлган кимёвий ҳужум болалар доҳил ўнлаб одамнинг умрига зомин бўлган эди. Кимёвий ҳужумдан бир неча кун ўтиб пайшанба куни маҳаллий вақт билан тонгги 4:40 да Америка ракеталари Асад ҳаво базаларини нишонга олган.

Флоридадаги қароргоҳидан туриб гапирган Дональд Трамп Башар Асадни "бегуноҳ фуқароларга кимёвий ҳужум уюштирган диктатор" деб атаган. У кимёвий қуроллар ишлатишнинг олдини олиш мақсадида "Америка миллий хавфсизлик манфаатлари" йўлида ҳаракат қилганини билдирган.

"Бу кеча мен барча миллатларни Суриядаги қон тўкилиши ва одамларнинг ўлишига ҳамда ҳар қандай кўринишдаги терроризмга барҳам берилишига гувоҳ бўлишга чақираман", - деган у.

Британия ҳукумати АҚШ бомбаларини "ёввойиларча қўлланилган кимёвий ҳужумларга мос жавоб" дея баҳолаган.

Минтақада яна бир таъсирли давлатлардан бири Эрон ушбу ҳужумларни қоралаб чиққан. Эронга кўра бу каби бир томонлама ҳужумлар минтақадаги жангариларни кучайтиради ва вазиятни чигаллаштиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Пентагоннинг хабар беришича, Сурия ҳукумат кучларини қўллаб қувватловчи Россия ҳарбийлари ракеталар учирилишидан олдин огоҳлантирилган.

Баёнотдан маълум бўлишича, денгиздан учирилган ракеталар Шайрат аэродромидаги учоқлар, ангар, қурол-яроқ заҳиралари ва радарларни нишонга олган.

Пентагон Сурия армияси томонидан кимёвий ҳужум уюштирган учоқларни кузатганини ва айнан Шайрат аэродромидан фойдаланганини билгани учун уни бомбалаганини айтган.

5 апрелдаги кимёвий ҳужум

5 апрел куни эрталаб Идлиб вилоятининг Хан-Шайхун шаҳридаги бомбардимонлар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг кўпчилигида оғир кимёвий захарланиш асоратлари кузатилган.

Сурия ҳарбийлари кимёвий қурол ишлатганини рад этмоқда.

Уларга кўра, заҳарли газлар Ал-Қоидага алоқадор "Ҳайят Таҳрир аш-Шом" гуруҳи томонидан ишлатилган.

Россия ҳарбийларининг фаразича, Сурия ҳаво кучлари жангариларнинг кимёвий қурол сақланган йирик омборини нишонга олган.

Туркияда ўтказилган текширувлар Суриянинг Идлиб вилоятида тинч аҳолига қарши кимёвий қурол ишлатилганини тасдиқлаган.

Сурия ҳарбийлари кимёвий қурол ишлатганини рад этмоқда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Сурия шимолида киёвий ҳужум

Бизни Telegram орқали ҳам кузатиб боринг: https://t.me/bbcuzbek