Етакчи мусулмон давлатлар Сурияга ҳужумни ёқламоқда

Сурия Фото муаллифлик ҳуқуқи digitalglobe

Халқаро миқёсда таъсирга эга кўпчилик мусулмон давлатлар АҚШнинг кимёвий ҳужумга жавобан Сурияга берган ракета зарбаларини ёқлаб чиққан. Саудия Арабистони ва Туркия каби давлатлар ҳаво ҳужумларини оқлаган бўлса, шиа мусулмонлари кўпчиликни ташкил қилувчи Эрон уни қоралаган.

Сурия можаросида асосий ўрин тутувчи ва шу кунларда АҚШ билан алоқаларида илиқлик кузатилаётган Туркия ҳаво ҳужумларини "ижобий" дея баҳолаган.

Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Асад режими халқаро миқёсда ўз жазосини олиши кераклигини айтган. Анқара Сурия осмонини парвозлар ҳоли ҳудуд сифатида эълон қилиш таклифи билан чиққан.

Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Туркия ҳукуматининг Асадга оид талабини яна бир такрорлаган.

"Мавжуд режим Сурия бошқарувидан кетиши керак", - деган у.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги "Халқаро ҳамжамият Асад режимини тўхтатолмаган бир вақтда Дональд Трампнинг жасурона ҳаракати"ни олқишлаган.

Минтақада асосий ўйинчилардан бўлган Исроил ҳукумати ҳам ҳаво ҳужумларини қўллаб қувватлашини билдирган. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Исроил ҳаво ҳужумлар орқали юборилган қатъий ва аниқ муждани бутунлай қўллаб-қувватлашини айтган. У бу каби мужда нафақат Дамашққа, балки Теҳрон ва Пхенянга ҳам юборилиши кераклигини айтган.

Бундан ташқари Британия, Оврўпо иттифоқи, Австралия, Япония ва Сурия мухолифати ҳам ушбу ҳужумларни ёқлаб чиққан. Сурия мухолифатига кўра, ушбу ҳаво ҳужумлари етарли эмас, яна бомбаланиши керак бўлган 26 ҳаво базалари бор. Уларнинг таъкидлашича, айнан шу аэродромлардан тинч аҳоли ҳужумга тутилади.

Айни вақтда АҚШда бўлиб турган Хитой Президенти маъмурияти ушбу ҳодисага муносабат билдирмади. Бироқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди. Унда вазиятнинг янада кескинлашиб кетишига йўл қўймаслик ўта муҳимлиги таъкидланади.

"Биз ҳар қандай давлат, ташкилот ва шахс томонидан кимёвий қуролларнинг ҳар қандай шароит ва мақсадда қўлланилишига қаршимиз", - дейилади баёнотда.

Сурияга нисбатан ҳаво ҳужумларига Россия сўнг энг кескин муносабат билдирган давлат Эрон бўлди.

Теҳрон Суриянинг Шайрат ҳаво базасига бўлган ракета ҳужумларини кескин қоралашини билдирган.

"Эрон ҳар қандай бир томонлама ҳужумларни қоралайди, бу каби амаллар Суриядаги террористларни кучлантириши ва Сурия ҳамда минтақадаги вазиятнги чигаллаштириши мумкин", - деган Эрон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Баҳром Қосимий.

У Эрон яқин тарихда кимёвий ҳужумнинг энг катта қурбони сифатида кимёвий қурол қўллашга қарши эканлигини билдирган.