Стокгольм: юк автомобили оломон устига ҳайдалган

Стокгольмдаги ҳодиса Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Полиция ҳодисага террорчилик хуружи сифатида қарамоқда.

Юк автомобили пойтахт Стокгольмнинг марказий кўчасида пиёдалар устига ҳайдалгани оқибатида камида тўрт инсон ҳаётдан кўз юмган.

Швеция полицияси бир неча инсон жароҳатланганини тасдиқлаган.

Полиция ҳодисага террорчилик хуружи сифатида қарамоқда.

Ҳодиса 7 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 15 ларга яқин Дротнинггатан "Қиролича кўчаси"да рўй берган.

Дротнинггатан Стокгольмнинг бош пиёда кўчаси ҳисобланади.

Швеция Бош вазири Стефан Лофвен сўзларига кўра, "ҳамма нарса террорчилик хуружи" эканини кўрсатиб турибди.

Маҳаллий матбуот бир инсон ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Полиция кузатув камерасидан олинган жуда хира фотосуратни эълон қилган, бундан суратдаги одам қидирилаётганини англаш мумкин.

Швециядаги пиво ишлаб чиқарадиган Spendrups ширкати баёнот тарқатган, бу баёнотда айтилишича, жума куни тушдан олдин ширкатга тегишли юк автомобили ресторанларга пиво тарқатиш учун йўлга чиққан.

Автомобилдаги юк туширилаётган пайти номаълум шахс рулга ўтириб машинани олиб қочган.

Стокгольм шаҳрининг бошқа бир қисмида отишма овозлари ҳам эшитилган.

Бироқ полиция айтишича, отишма билан шаҳар марказидаги пиёдалар устига автомобил ҳайдалгани ўртасида боғлиқлик йўқ.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, юк машинаси Ahlens дўконига бориб урилган.

Полиция ва махсус кучлар шаҳар марказини ўраб олган, шаҳарликларга марказдан узоқда бўлиш маслаҳати берилган.

Стокгольм метросида ҳам қатнов тўхтатилган.

Ён-атрофда ҳеч қандай хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилингунча барча дўконларнинг ичида бўлган кишилар турган жойларида қолишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.