Нега "Шайрат" авиабазаси нишонга олинди?

АҚШ ракетаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Президенти Дональд Трамп Сурия армиясига тегишли "Шайрат" ҳарбий ҳаво базасини ҳужумга тутишга буйруқ берган.

Бу, Президент Трампнинг сўзларига кўра, Сурия мухолифати исёнчилари назорати остида бўлган Хан-Шейхун шаҳрига уюштирилган кимёвий ҳужумга жавоб бўлган.

7 апрель тонгидаги Сурия маҳаллий вақти билан соат 3 ларда АҚШнинг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий кемаларидан 59 та "Томагавк" қанотли ракеталари отилган.

Пентагонга кўра, "Шайрат" авиабазасида ҳарбий учоққа кимёвий бомба юкланган ва Хан-Шейхун шаҳри устига улоқтирилган.

Оқибатда 80 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Шайрат" ҳарбий-ҳаво базаси Хомс шаҳридан 25 километрча жануби-шарқда жойлашган.

Авиабаза 10 квадрат километ ҳудудни эгаллаган.

Авиабазанинг 3 километрлик учиш-қўниш йўлаги, ўнлаб самолётларни пана қилиб сақлайдиган ангарлари, бино ва омборларига эга бўлган.

"Шайрат" Суриядаги олти йиллик фуқаролар уруши мобайнида Сурия армияси назорати остида бўлган.

У ерда Су-22 ва МиГ-23 ҳарбий самолётлари сақланган.

Шунингдек, бу ерда Сурия армияси ихтиёридаги кимёвий қуроллар ҳам сақланган.

2013 йили суриялик исёнчилар Дамашқ атрофида Президент Ассад кучлари зарин газини ишга солгани ҳақида хабар тарқатдилар, шундан кейин Президент Ассад ўзидаги кимёвий қуролларни йўқ қилишга рози бўлганди.

2015 йил ноябрида Россия ҳарбийлари "Шайрат" авиабазасидан фойдаланишни бошладилар.

Бу ерда Россиянинг Ми-24 ва Ми-35 ҳужумчи вертолётлари жойлаштирилди.

Охирги пайтларда сунъий йўлдошдан олинган фотосуратлар бу ерда қурилиш ишлари бошланганини кўрсатади.

Таҳлилчиларга кўра, бу нарса "Шайрат" базасининг Сурия ва Россия ҳарбийлари учун аҳамияти янада ортганини намойиш этади.

Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати жангарилари ва Эрон дастаклаётган ва Сурия армиясига ёрдам кўрсатаётган ироқлик жангчилар ҳам бу базадан фойдаланиб келганлари ҳақида маълумот бор.

Image caption Сурия ҳарбий самолётининг Хан-Шейхун томон парвози йўналиши

АҚШ ҳарбий жосуслик маълумотларига кўра, Сурия ҳарбий самолёти сешанба куни "Шайрат" авиабазасидан кўтарилган ва Хайн-Шейхунга қараб парвоз қилган.

Самолёт эрталабки соат 6:37 ва 6:46 да Хан-Шейхун осмонида бўлганини Америка ҳарбий радарлари қайд этган.

Россия ҳарбийларига кўра, АҚШ томони "Томогавк" ракеталари ҳужумини бошлашдан олдин Россия томонини бу ҳақда огоҳлантирган.

Жуда қисқа фурсатда Россия ўз кучларини олиб чиқишга муваффақ бўлганини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар