Стокгольм ҳужуми гумондори ўзбекистонлик

Грузовик Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Юк машинаси пиёдалар йўлида учраганларни босиб, дўкон витринасига бориб урилган

Жума куни Стокгольм марказида пиёдаларни босиб кетган ҳужумда гумон қилиб ушланган шахс ўзбекистонлик бўлиб чиқди. Швеция полицияси 39 ёшли эркакнинг Ўзбекистон фуқароси эканлигини тасдиқлади. У юк машина ҳайдовчиси бўлган. Бундан ташқари полиция юк машина ичидан шубҳали қурилма топилганини ҳам билдирган.

Машина ичидан топилган қурилманинг нима эканлиги ҳозирча маълум эмас.

Швеция Миллий полиция масъули Дан Элиассон одамларнинг умрига зомин бўлган юк машинаси ҳайдовчи ўриндиғидан техник қурилма топилганини маълум қилган.

Унга кўра, айни вақтгача унинг нима эканлиги маълум эмас, бироқ ушбу қурилма машинага оид эмас ва у ерда бўлмаслиги керак бўлган.

Ҳужум натижасида 4 киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган.

Швед полицияси икки кишини ҳибсга олган. Уларнинг бири полиция кузатув камераларидан олинган тасвирларни тарқатиш ортидан жума куни кечқурун ушланган.

Полиция қўлга олинган эркак террористик ҳужумда гумон қилинаётганини айтди.

Иккинчи шахс Стокгольмнинг шимолий-ғарбий қисмида қўлга олинган, у биринчи қўлга олинган одам билан алоқаси борлиги учун ушланган.

Швеция Бош вазири Стокгольмда пиёдалар устига мошина билан бостиришни террористик ҳужум деб атаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SWEDISH POLICE HANDOUT
Image caption Полиция гумонланувчининг тасвирларини чоп қилди

Ҳужум натижасида 4 киши қурбон бўлган, 10 ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳужумда фойдаланилган юк машинаси маҳаллий вақт билан 15:00 атрофида Стокгольм марказида олиб қочилган. У маҳаллий Spendrups пиво ишлаб чиқарувчи корхонага тегишли бўлган. Компания вакилининг айтишича, ҳайдовчи ресторанга товар олиб кираётган вақти машина йўқолиб қолган.

Машинани олиб қочувчи шахс унда 6 мавзени кесиб ўтган ва Стокгольмнинг марказий кўчаси - Дроттнинггатанга кириб борган. Фақат пиёдаларга мўлжалланган йўл бошидаги кичикроқ тўсиқни бузиб кирган ва тротуар бўйлаб юрган одамларни уриб кета бошлаган. Шундан сўнг Ahlens дўкони витринасига бориб урилган.

Ўхшаш ҳодисалар

Ушбу ҳужумгажавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган. Бир йил давомида бу каби ҳодисалар дунёнинг кўплаб шаҳарларида бўлиб ўтган.

Уларнинг биринчи Франциянинг Ниццасида ўтган йилнинг 14 иблида содир бўлди. Ўшанда эркак киши Бастилиянинг босиб олиниш кунини байрам қилаётган оломон устига юк машинаси билан бостириб борганди. 86 киши қурбон бўлган, 300 киши жароҳатланганди. Ҳайдовчи полиция томонидан отиб ўлдирилган.

2016 йилнинг декабрида олиб қочилган юк машинасини бошқарган эркак Берлиндаги Рождество байрамини ярмаркасига келган одамлар устига ҳайдаган. 12 киши ҳалок бўлган, 49 таси жароҳатланганди. Ҳайдовчи яширинишга ва Италияга қочишга муваффақ бўлган. Аммо маҳаллий полиция уни қўлга олиш жараёнида отиб ўлдирган.

Бу каби яна бир ҳужум шу йилнинг 22 март куни Лондон шаҳрида бўлиб ўтди. Бунинг учун енгил машинадан фойдаланилди. У Вестминистр туманидаги кўприк устидаги тротуарни катта тезликда юриб ўтиб, парламент биноси ҳудудига кирмоқчи бўлган.

Ҳайдовчи бир неча одамни уриб кетган ва автомобильдан чиқиб қўлида пичоқ билан полицияга ташланган. Уни омонсиз жароҳат етказади, ўзи эса бошқа бир полициячи томонидан отиб ўлдирилади. Ҳужум натижасида умумий ҳисобда 5 киши ҳалок бўлди, 50 киши жароҳатланди.

Бу ҳужумларнинг барчаси теракт дея баҳоланди ва унга жавобгарликни кўплаб давлатларда тақиқланган ИШИД ўз зиммасига олган.

Бизни Telegram каналимизда ҳам кузатиб боринг: https://t.me/bbcuzbek