Ўзбекистонлик гумондор полиция қидирувида бўлган

Якшанба куни юзлаб одамлар ўтганларни хотирлаш учун ходиса жойига гуллар олиб келган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Якшанба куни юзлаб одамлар ўтганларни хотирлаш учун ходиса жойига гуллар олиб келган

Ўтган жума куни Стокгольм марказида оломон устига машина ҳайдашда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси Швецияда яшаш учун топширган аризаси рад этилган. Миграция хизмати уни мамлакатдан чиқариб юбориш учун 2016 йилдан бери излаётган бўлган. Полиция унинг ИШИДга хайрихоҳ бўлганини айтмоқда.

Швед полициясига кўра, 39 ёшли ўзбекистонлик 2016 йили Швецияда қонуний яшаш учун ҳужжат топширган, бироқ унинг аризаси ўтган йилнинг июн ойида рад этилган.

2016 йилнинг декабр ойида Швецияни тарк этиш учун унга 4 ҳафта муҳлат берилган. Шундан сўнг у изсиз йўқолган ва полиция уни мамлакатдан чиқариб юбориш учун излаётган бўлган.

Суриштирув ортидан ҳужумчига алоқаси бор деб кўрилаётган 5 киши ҳибсга олинган.

Ўзбекистонлик 39 ёшли эркак 7 апрель куни Стокгольм марказидаги пиёдалар учун мўлжалланган йўлга юк машинасини ҳайдаб, одамларни ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Швеция Бош вазири ҳужумни террор ҳаракати, деб баҳолаган ва унда 4 киши ҳалок бўлган.

Машина билан дўконга бориб урилган ҳужумчи ундан тушиб қочишга муваффақ бўлган. Кейинроқ у полиция томонидан тириклайин қўлга олинган.

Полиция 39 ёшли эркакннинг исм-шарифини маълум қилмаяпти.

Полиция якшанба куни берган маълумотида, ўзбекистонлик гумондорнинг ИШИД жангарилар гуруҳига хайрихоҳ бўлганини айтган. Бироқ у "аҳамиятсиз характер" бўлгани учун полициянинг жиддий эътиборини тортмаган.

Ҳужумда фойдаланилган юк машинаси маҳаллий вақт билан 15:00 атрофида Стокгольм марказида олиб қочилган. У маҳаллий Spendrups пиво ишлаб чиқарувчи корхонага тегишли бўлган. Компания вакилининг айтишича, ҳайдовчи ресторанга товар олиб кираётган вақти машина йўқолиб қолган.

Машинани олиб қочувчи шахс унда 6 мавзени кесиб ўтган ва Стокгольмнинг марказий кўчаси - Дроттнинггатанга кириб борган. Фақат пиёдаларга мўлжалланган йўл бошидаги кичикроқ тўсиқни бузиб кирган ва тротуар бўйлаб юрган одамларни уриб кета бошлаган. Шундан сўнг Ahlens дўкони витринасига бориб урилган.

Ўхшаш ҳодисалар

Ушбу ҳужумгажавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган. Бир йил давомида бу каби ҳодисалар дунёнинг кўплаб шаҳарларида бўлиб ўтган.

Уларнинг биринчи Франциянинг Ниццасида ўтган йилнинг 14 иблида содир бўлди. Ўшанда эркак киши Бастилиянинг босиб олиниш кунини байрам қилаётган оломон устига юк машинаси билан бостириб борганди. 86 киши қурбон бўлган, 300 киши жароҳатланганди. Ҳайдовчи полиция томонидан отиб ўлдирилган.

2016 йилнинг декабрида олиб қочилган юк машинасини бошқарган эркак Берлиндаги Рождество байрамини ярмаркасига келган одамлар устига ҳайдаган. 12 киши ҳалок бўлган, 49 таси жароҳатланганди. Ҳайдовчи яширинишга ва Италияга қочишга муваффақ бўлган. Аммо маҳаллий полиция уни қўлга олиш жараёнида отиб ўлдирган.

Бу каби яна бир ҳужум шу йилнинг 22 март куни Лондон шаҳрида бўлиб ўтди. Бунинг учун енгил машинадан фойдаланилди. У Вестминистр туманидаги кўприк устидаги тротуарни катта тезликда юриб ўтиб, парламент биноси ҳудудига кирмоқчи бўлган.

Ҳайдовчи бир неча одамни уриб кетган ва автомобильдан чиқиб қўлида пичоқ билан полицияга ташланган. Уни омонсиз жароҳат етказади, ўзи эса бошқа бир полициячи томонидан отиб ўлдирилади. Ҳужум натижасида умумий ҳисобда 5 киши ҳалок бўлди, 50 киши жароҳатланди.

Бу ҳужумларнинг барчаси теракт дея баҳоланди ва унга жавобгарликни кўплаб давлатларда тақиқланган ИШИД ўз зиммасига олган.

Бизни Telegram каналимизда ҳам кузатиб боринг: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ