АҚШ: Суриядаги кимёвий ҳужумда Россия айбдор

Тиллерсон бу ҳафта Москвага келиши керак Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тиллерсон бу ҳафта Москвага келиши керак

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг айтишича, Россия Сурияда 89 одамнинг умрига зомин бўлган кимёвий ҳужумнинг олдини ололмаган. Тиллерсонга кўра, Россия ўз вақтида Суриядаги кимёвий қурол захирасини йўқотиш жараёнини назорат қилиш ва уни ишлаб чиқарилишини бутунлай тўхтатишга кафолатни ўз зиммасига олган эди. Америка Давлат котибининг таъкидлашича, шунинг учун ҳам Сурияда яна бир бор кимёвий қурол қўлланилишида Россия айбдор.

"Бу ҳолатда Россия ҳужум иштирокчиси бўлгани ёки унинг мутахассислари лаёқатсизлиги ёда Сурия ҳукумати Россияни чув туширгани аҳамиятли эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам Россия томони халқаро ҳамжамият олдидаги бурчини бажармади", - деган Тиллерсон Си-би-эс телеканалига берган интервьюсида.

Тиллерсон шу билан бирга Россия Хан-Шейхун шаҳрига тайёрланган кимёвий ҳужумдан бохабар бўлганлиги ёки унда ўзи ҳам иштирок этганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи бирор далил йўқлигини айтган.

Тиллерсон душанба куни "Катта еттилик" давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан учрашади. Унда дипломатлар ушбу масала бўйича ягона позиция ишлаб чиқиши кутилмоқда.

4 апрел куни тонгда Идлиб вилоятидаги Хон-Шейхун шаҳри ҳаводан бомба ҳужумига учради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Ҳужумларда 33 бола ҳалок бўлган

Ҳужумлардан сўнг ердаги одамлар бўғила бошлаган. Ўта заҳарли зарин газидан сўнгги маълумотларга кўра, 89 одам ҳалок бўлган. Уларнинг 33 таси бола ва 18 таси аёл. Мухолифат фаоллари Сурия шимолий-ғарбидаги шаҳарга ҳаво ҳужумини Сурия ёки Россия учоқлари амалга оширганини айтишди. Уларнинг таъкидлашича, учоқлар кейинчалик жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатаётган маҳаллий шифохонага ҳам бомба ташлашган.

Франция, Британия ва АҚШ газ ҳужумларида Дамашқни айбдор деб билади.

Сурия ҳукумати кимёвий ҳужумга алоқаси борлигини рад этмоқда. Башар Асадни қўллаб-қувватловчи Россия ҳужумлардан сўнг, Сурия ҳаво кучлари исёнчиларнинг кимёвий қурол сақланган омборини бомбалаган бўлиши мумкин деган тахминни айтиб чиқди.

Идлибга қилинган ҳужумдан 3 кун ўтиб, 7 апрелнинг тунида Ўрта ер денгизида жойлашган Америка эсминеци Хомс вилоятида жойлашган ШЕйрат аэродромига қарата 59 "Томагавк" қанотли ракеталарини учирди.

АҚШ Президенти Донльд Трамп ракета ҳужумини Идлиб вилоятидаги кимёвий ҳужумга жавою эканлигини айтди.

Кремль Американинг бу ҳаракатини қоралади ва ҳужумлар ИШИД ва "Жабҳат ан-Нусра" гуруҳлари манфаатлари йўлида амалга оширилганини айтиб чиқди.

Рекс Тиллерсон 12 апрел куни Москвага ташриф буюриши кутилмоқда. У Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашишни режалаштирган.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ