Стокгольм ҳужуми: Раҳмат Оқилов ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Police
Image caption Швеция полицияси аввалроқ террор гумондорининг суратини эълон қилган.

Швеция прокурори 7 апрел куни Стокгольм марказида юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаган шахснинг 39 ёшли ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов эканини тасдиқлади.

Прокурор Ханс Ирманнинг Би-би-сига маълум қилишича, у Раҳмат Оқиловни ҳибсда қолдиришни сўраб, Стокгольм туман маҳкамасига мурожаат қилган.

Оқилов устидан дастлабки маҳкама терговининг эртага маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10 да бошланиши кутилмоқда.

Аввалроқ швед полицияси террорчилик ҳужуми деб кўрилган ҳодиса гумондори Ўзбекистон ватандоши эканини тасдиқлаганди.

Полиция юк машина ичидан шубҳали қурилма топилганини ҳам билдирган.

Ўтган жума юз берган ҳужумда 4 киши ҳалок бўлган, 15 инсон жароҳатланган.

Швед полициясига кўра, ҳужум юзасидан 7 киши ҳибсга олинган, улардан 4 нафари қўйиб юборилган.

Бошпана изловчи

Одноклассники ва VKontakte ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Оқилов ўзининг Самарқандда туғилгани ва Самарқанд шаҳридаги 46-ўрта мактабда таҳсил олганини айтган.

Швед расмийларининг Би-би-сига айтишларича, Раҳмат Оқилов 2014 йилда Швециядан бошпана сўраган, аммо 2016 йил охирида рад жавобини олган.

Швеция полициясининг баёнотига кўра, ўтган йилнинг 16 декабрида Оқиловга Швецияни тарк этиши учун тўрт ҳафта муҳлат берилган.

Шундан сўнг Оқилов ғойиб бўлган ва Швецияда қидирувга берилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Раҳмат Оқилов сўнгги пайтларда Стокгольмдаги ўзи рўйхатдан ўтган манзилда яшамаган.

Швед матбуотининг ёзишича, шу йил бошларида ўзининг собиқ ҳамкасбига йўлиққан Оқилов кунларини "уйқу ва чекиш билан" ўтказаётганиин айтган.

Хабарларга кўра, у Ўзбекистондан пул топиш мақсадида чиққан ва аёли ҳамда 4 нафар фарзандига пул жўнатиб туриши керак бўлган.

Қурилишда ишлаган Оқиловнинг бир неча ой аввал иш жойида ухлаб қолгани сабаб ишидан айрилгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳужумда 4 киши ҳалок бўлган.

Унга иш берганлардан бири Пъер Свенссон Раҳмат Оқиловни "одамови" деб таърифлаган.

"Ўз ишини қиларди, аммо одамга қўшилмасди. Биз унга нима қил десак, қилган. Швед тилида яхши гапирмасди", - деб айтган Свенссон Франс Пресс агентлигига.

Гумондорни билганлар уни унчалик диндор эмас, деб таърифлашган.

Улардан бири Оқиловнинг "ичгани ва зиёфатларда қатнашгани"ни айтган.

Дўстларидан бирининг Aftonbladet нашрига айтишича, Оқилов "ҳеч қачон сиёсат ёки дин ҳақида гапирмаган".

"Менинг билганим шуки, у беш вақт намоз қилмасди".

Оқилов билан бирга ишлаган бошқа ишчининг сўзларига кўра, "у ҳамма қатори нормал одам эди".

Ўзбекистон томони ҳозирга қадар гумондорнинг шахси билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот бермаган.

ИШИД тарафдори?

Аммо Раҳмат Оқиловнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида бутунлай бошқа манзарани кўриш мумкин.

Унинг Фэйсбукда экстремистик гуруҳларга алоқадор дўстлари бўлган ва камида иккита ИШИДнинг тарғибот видеоси чоп этилган.

Улардан бирида Бостондаги ҳужумдан кейинги манзара акс этган.

У шунингдек, "империалистик молия пойтахтлари бўлган АҚШ, Британия ва Араб диктаторликларининг террорчилигини фош этиши"ни айтган "Ливия ва Сурия дўстлари" гуруҳига аъзо бўлган.

Айни пайтда гумондор Playboy журнали ва россиялик теннис ўйинчиси Мария Шарапованинг ҳам мухлиси бўлган.

Ҳужум ортидан Оқиловнинг Фэйсбукдаги саҳифаси олиб қўйилган.

Швед махсус хизматлари Раҳмат Оқиловни таҳдид эмас, балки "маргинал" сифатида кўрган.

Стокгольмдаги ҳужум учун масъулиятни ҳозирга қадар бирон-бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Аввалроқ Ницца, Берлин ва Лондондаги ўхшаш ҳужумлар учун ИШИД ёки Исломий даавлат гуруҳи масъул эканини айтганди.

Швециядаги Expressen нашрининг терговга яқин манбаълардан иқтибос келтиришича, Оқилов айбига иқрор бўлган ва қилмишидан пушаймон эмаслигини айтган.

Нашрнинг ёзишича, ҳибсга олиниши ортидан у "кофирларга ҳужум қилиб, мурожига етгани"ни баён қилган.

Айни пайтда Швециядаги айрим ўзбек муҳожирлари Раҳмат Оқиловнинг радикал қарашларга эга бўлгани ва Суриядаги жангариларга ёрдам тўплаш амалиётларида иштирок этганини айтишмоқда.

Аммо швед расмийлари ҳозирча бу каби маълумотларни эълон қилишгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.