Стокгольм ҳужуми: Раҳмат Оқилов айбини тан олди

подозреваемый Фото муаллифлик ҳуқуқи Swedish police

Стокгольмда 4 одамнинг ўлимига сабаб бўлган террор ҳужуми гумондори Раҳмат Оқилов айбини тан олган. Бу ҳақда ўзбекистонлик 39 ёшли Оқиловнинг адвокати маълум қилган. Ҳужум бўйича 600 дан ортиқ гувоҳ сўроқ қилинган.

Оқиловга алоқадр деб кўрилган ва ҳужумларда гумонланиб қўлга олинган яна бир Ўзбекистон фуқаросидан гумондорлик олиб ташланган. Бироқ уни Швециядан депорт қилиш қарори берилган.

Олдинроқ Швед полицияси оломоннинг устига атайин машина билан бостириб борганликда гумон қилиниб Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқиловнинг ҳибсга олганини маълум қилган эди.

7 апрел куни пиёдалар устига юк машинаси билан ҳужум натижасида 4 киши қурбон бўлган, 15 инсон жароҳатланган.

Ҳужумда фойдаланилган юк машинаси маҳаллий вақт билан 15:00 атрофида Стокгольм марказида олиб қочилган. У маҳаллий Spendrups пиво ишлаб чиқарувчи корхонага тегишли бўлган. Компания вакилининг айтишича, ҳайдовчи ресторанга товар олиб кираётган вақти машина йўқолиб қолган.

Машинани олиб қочувчи шахс унда 6 мавзени кесиб ўтган ва Стокгольмнинг марказий кўчаси - Дроттнинггатанга кириб борган. Фақат пиёдаларга мўлжалланган йўл бошидаги кичикроқ тўсиқни бузиб кирган ва тротуар бўйлаб юрган одамларни уриб кета бошлаган. Шундан сўнг Ahlens дўкони витринасига бориб урилган.

Швед полициясига кўра, ҳужум юзасидан 7 киши ҳибсга олинган, улардан 4 нафари қўйиб юборилган.

Бошпана изловчи

Одноклассники ва VKontakte ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Оқилов ўзининг Самарқандда туғилгани ва Самарқанд шаҳридаги 46-ўрта мактабда таҳсил олганини айтган.

Швед расмийларининг Би-би-сига айтишларича, Раҳмат Оқилов 2014 йилда Швециядан бошпана сўраган, аммо 2016 йил охирида рад жавобини олган.

Швеция полициясининг баёнотига кўра, ўтган йилнинг 16 декабрида Оқиловга Швецияни тарк этиши учун тўрт ҳафта муҳлат берилган.

Шундан сўнг Оқилов ғойиб бўлган ва Швецияда қидирувга берилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Раҳмат Оқилов сўнгги пайтларда Стокгольмдаги ўзи рўйхатдан ўтган манзилда яшамаган.

Швед матбуотининг ёзишича, шу йил бошларида ўзининг собиқ ҳамкасбига йўлиққан Оқилов кунларини "уйқу ва чекиш билан" ўтказаётганиин айтган.

Хабарларга кўра, у Ўзбекистондан пул топиш мақсадида чиққан ва аёли ҳамда 4 нафар фарзандига пул жўнатиб туриши керак бўлган.

Қурилишда ишлаган Оқиловнинг бир неча ой аввал иш жойида ухлаб қолгани сабаб ишидан айрилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ