Ўзбекистонда ИИВ тузилмаси янада кенгаяди

милиция Фото муаллифлик ҳуқуқи Akadmvd.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ички ишлар органлари фаолияти тўғрисидаги фармондан ушбу тузилманинг янада кенгайтирилаётганини кузатиш мумкин. Фармонга кўра, ИИВ тизимида бир неча янги бошқармалар тузилади, туманларда янги лавозим ташкил қилиниб қўшимча равишда мингга яқин милиция таянч пунктлари қурилади.

10 апрелда имзоланган Президен фармонида айтилишича, ИИВ тизимида қўшимча тўртта бошқарма ташкил қилинади. 8 та бўлим қайтадан тузилади. Иккита билим юрти олийгоҳга айлантирилади. Қўшимча равишда 999 та милииция таянч пунктлари ташкил топади. Ҳар бир туманда ёшлар масаласи бўйича бошлиқ ўринбосари янги лавозими ташкил қилинади.

Ўзбекистонда 2016 йилнинг сентябр ойида ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинган.

Президентнинг 10 апрелда чиққан фармонига ёзилган шарҳда айтилишича, ушбу қонунни амалиётга жорий этиш имкониятлари бу соҳада ҳали муаммолар борлигини кўрсатган.

"Бироқ мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда", - дейилади фармон шарҳида.

Фармонда қуйи бўғиндаги бўлинмаларнинг асосий вазифа ва функциялари аниқ тасдиқланмаганлиги ва қуйи бўлинмалар зиммасига ҳаддан зиёд хизмат вазифалари юкланиши айтилган.

Унда ички ишлар идоралари мансабдор шахслари ва инспекторларининг фуқаролар билан муомала маданияти пастлигича қолаётгани, мурожаатлар юзаки кўриб чиқилаётгани, уларга расмиятчилик учунгина жавоб берилаётгани фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқаргани ёзилган.

Фармон ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилгани айтилган.

Милиция устидан жамоатчилик назорати ташкил қилиш йўлга қўйилиши мумкин. Ички ишлар вазири йилда икки марта Олий Мажлис Сенати олдида хисобот бериши кўзда тутилган. Вилоят, туман, шаҳар милиция бошқармалари Халқ дерутатларининг ҳудудлардаги Кенгашларига ҳисобот бериб боради.

Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов милиция тизилмасини ислоҳ қилиш учун уларнинг сонини камайтириш кераклигини айтади.

"2001 йилларда куч ишлатар тизимлардаги ходимларининг сонини кескин қисқартириш борасида ишлар бошланганди. Аммо Андижон воқеаларидан сўнг ушбу ташаббус кун тартибидан қолди. Милицияни ислоҳ қилиш учун, аввало, уларнинг сонини қисқартириш керак. Маошини кўтариб. вазифаларини қонунда аниқ белгилаб қўйиш керак", - дейди у.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Ўзбекистон милиция ҳуқуқи кўп топталадиган касблардан бири. Уларнинг белгиланган соатлардан кўп ишлаши ва унинг эвазига ҳеч қандай товон олмаслиги одат тусига кирган.

"Ўзларининг вазифаларига кирмайдиган ишлар билан кунига 12 соатлаб ишлашига тўғри келади. Усиление бўлган вақтлари, ҳатто бир неча кун уйига ҳам келолмайди", деб айтади у.

Бироқ фармонда милиция ходимлари сони қисқариш ҳақида сўз бормаяпти. Аксинча вазирлик миқёсида бир неча бошқарма ва мингга яқин янги милиция таян пунктларининг қурилиши ушбу тузилманинг янада кенгайиши мумкинлигини англатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ