Беслан фожиаси: 'Яшаш ҳуқуқи поймол этилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бесланлик оналар ҳануз терговга саволлари борлигини айтишади

Европа инсон ҳақлари маҳкамаси 2004 йилдаги Беслан фожиасида ҳалок бўлган болаларнинг ота-оналари ҳамда воқеаларда омон қолган, аммо жароҳатланганларнинг шикоятларини қондирган.

Маҳкама аризачиларнинг Россия ҳукумати уларнинг яшаш ҳуқуқларини (Европа конвенциясининг 2-банди) поймол этгани ҳақидаги даъволарини асосли, деб топган.

Маҳкама қарорида айтилишича, Россия ҳукумати Бесланда қурбон бўлганларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун етарли чораларни кўрмаган.

Бундан ташқари Европа инсон ҳақлари маҳкамаси Россия расмийлари бинони забт этиш амалиётини режалаш жараёнида гаровдагиларнинг ҳаётига таҳдидни камайтиришнинг уддасидан чиқмаган, дея хулоса қилган.

Маҳкамага кўра, Россия махсус кучлари ва ҳарбийлари ҳаддан ортиқ куч ишлатган, ҳукумат ҳодисалар юзасидан самарали тергов олиб бормаган.

Шундай қилиб, Европа маҳкамаси арздорларнинг ўз яқинларининг яшаш ҳуқуқи поймол этилганига доир шикоятларини барча бандлар бўйича қондирган.

Ўз қарорида маҳкама Россиядан аризачилар фойдасига моддий товон талаб қилмаган, аммо Россия етказилган маънавий зарар учун 3 миллион евро миқдорида товон пули тўлаши кераклигини айтган.

Шунингдек, ҳар бир қурбоннинг яқинларига 10 минг евро ва оғир жароҳатланган ҳар бир одам учун 7 минг, ўртача жароҳат учун 5 минг ва енгил жароҳат олганларга 3 минг евро миқдорида товон пули белгиланган.

Беслан воқеаларида қизи Зарина гаровга олинганлар орасида бўлган Элла Касаева Би-би-си рус хизмати билан суҳбатда Европа маҳкамаси қарорини "ғалаба" деб атаган.

"Айниқса, 2-модда бузилганининг эътироф этилиши. Биз давлат қарорни бажармаслигидан хавотирда эмасмиз. Бу иккинчи даражали ва бизни мутлақо безовта қилмайди. Амалдорлар уни шундоқ ҳам бажаришмайди. Асосийси-нуфузли мустақил суд давлатнинг айбини тан олди", -деб айтган бесланлик она.

Маҳкама "Беслан оналари" гуруҳи томонидан тақдим этилган бир неча аризани бирданига кўрган.

Аризачиларнинг умумий сони 409 киши бўлиб, Европа инсон ҳақлари маҳкамасининг Беслан бўйича биринчи мажлиси 2014 йилда бўлиб ўтганди.

Улар Россия ҳукумати террорчилик ҳодисасининг олдини олмасдан ўзининг фуқаролар ҳаётини асраш мажбуриятини бажармаганини айтишган.

Жумладан, 1 сентябр арафасида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига террорчилик амали тайёрланаётгани ҳақида маълумот келиб тушгани ва 31 август тунида эса одамларни гаровга олиш режаланаётгани ҳақида аниқ маълумот олинганига эътибор қаратилади.

Аммо ҳужум вақтида мактабни фақат бир нафар ва қуроли бўлмаган милиция ходимаси Фатима Дудаева қўриқлаётган бўлган.

2004 йил 1 сентябр куни Бесланнинг 1-сонли мактабидаги тантанали линейка чоғида бир гуруҳ жангарилар 1128 кишини гаровга олган.

Гаровдагилар мактаб спортзали ва бошқа биноларида уч кун давомида иссиқда, сувсиз ва овқатсиз ушлаб турилган.

Махсус кучларнинг мактабни забт этиши оқибатида 334 киши, жумладан, 186 нафар бола ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг