Сурия: Қамалдаги тўрт шаҳар аҳли кўчирилмоқда

Тўрт шаҳардан жами 30 минг кишининг эвакуация қилиниши кутилмоқда. Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тўрт шаҳардан жами 30 минг кишининг эвакуация қилиниши кутилмоқда.

Эрон ва Қатар ўртасидаги келишувга биноан Суриядаги тўрт шаҳар аҳолисини эвакуация қилиш бошланган.

Эрон Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади, Қатар эса Башар ал-Ассад режимига қарши қўлига қурол олган Сурия мухолифати жангчиларини дастакламоқда.

Кефрайю ва Фуаа шаҳарлари ҳозир Сурия ҳукумат кучлари назорати остида, бироқ мухолифат ҳарбий кучлари томонидан қамалга олинган.

Суриядан олинаётган хабарларга кўра, бу икки шаҳарда истиқомат қилиб келган одамларни Сурия ҳукумат кучлари назорат қилиб турган ҳудудга олиб ўтиш жума куни эрталаб бошланган.

Келишувга кўра, Кефрайю ва Фуаага 80 та автобус олиб келинган.

Суриянинг бошқа икки шаҳри - Мадайя ва Забадани мухолифат исёнчиларининг назоратида, шаҳарларни Ассад армияси ўраб олган.

"Франс Пресс" ахборот агентлигининг хабар қилишича, Мадайя ва Забадани шаҳарларидаги эвакуация ихтиёрий экани, ким хоҳласа, ўзининг яшаб турган шаҳрида қолиши мумкинлиги айтилган.

Мадайя ва Забаданига 60 автобус келтирилган, кўчишни хоҳлаганларни Рашидин шаҳрига олиб ўтиш режаланган.

Тўрт шаҳардан жами 30 минг кишининг эвакуация қилиниши кутилмоқда.

БМТ қамал остида қолган тўрт шаҳардаги вазият борасида март ойида баёнот эълон қилган ва у ерда қолган инсонларнинг аҳволидан хавотир билдириб, вазиятни фожеали деб баҳолаган эди.

БМТга кўра, тўрт шаҳардаги тинч аҳолининг сони қарийб 64 мингни ташкил этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар