Туркия қайси йўлни танлайди?

Президент Эрдўғон дастакловчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

16 апрель куни Туркиянинг қандай мамлакатга айланиши аниқ бўлади, президентлик республикасими ё парламент?

Референдум президентга яна қўшимча ваколатлар бериши мумкин.

Референдумда қуйидагилар таклиф этилган:

Бош вазир лавозими бекор қилиниб вице-президент лавозими жорий этилади.

Президент ҳам ҳукумат ва ҳам давлат раҳбари бўлади, айни пайтда сиёсий партия билан боғлиқликни сақлаб қолади.

Президентга ўз фармони билан қонун ижросини тўхтатиш, парламентни тарқатиб юбориш ваколати берилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Парламент вазирларни ортиқ ҳисоб бердиртиролмайди.

Президент фаолиятини текшириш ёки президентга импичмент эълон қилиш борасида парламентнинг қудрати чекланган бўлади.

Туркияда ўтказилган сўнгги омма фикрини ўрганиш натижаларига кўра, мамлакат конституциясига ўзгартиришларни маъқуллаб, "Ҳа" дея референдумда овоз бериш истагидаги туркияликларнинг сони 51 фоизни ташкил этади.

Туркия тарихидаги ўта муҳим воқеа арафасида Би-би-сининг Туркиядаги мухбири Марк Лоуэн референдумга етаклаган омиллар ва бугунги вазиятга назар ташлайди.

Ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш референдумга етаклаган муҳим нуқта бўлди, дейди Би-би-си мухбири.

2016 йил 16 июли

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2016 йил 16 июлида ҳарбийлар Туркияда давлат тўнтаришига ҳаракат қилдилар.

Ҳордиқда бўлган Президент Эрдўғонни тутиш учун денгиз соҳилига ўнлаб махсус кучлар ҳарбийлари юборилган, Анқара ва Истанбул шаҳарларида йўллар бекитилиб, айрим давлат идораларининг бинолари бомбардимон қилинган.

Огоҳлантирилган Президент Эрдўғон халқни ҳарбийларга қарши кўчаларга чиқишга чақирган.

Бунга жавобан одамлар Президент Эрдўғонни дастаклаб кўчаларга чиқдилар, қуролсиз одамлар танклар йўлини тўсдилар, тўқнашувлар оқибатида 265 киши ҳалок бўлди.

Кўплар учун ўша тун замонавий Туркиянинг қайта туғилган туни бўлди, деб ёзади Би-би-си мухбири.

1923 йилда Туркия республикаси ташкил этилганидан кейин тўрт марта давлат тўнтариши муваффақиятга эришган, бироқ бешинчиси Эрдўғон билан бўлмади.

Туркияни 11 йил давомида бош вазир сифатида бошқарган ва 2014 йили Президент бўлган Ражаб Тойиб Эрдўғон анчадан буён қудратни ўз қўлида жамлашни орзу қилиб келади.

Чунки Туркияда президентлик лавозими рамзий ҳисобланади ва жаноб Эрдўғон конституцияга ўзгартириш киритиш билан ваколатларини ошириш, мамлакатни парламент республикасидан президентлик республикасига айлантириш, бош вазирликни ҳам бекор қилиб, унинг вазифаларини ўзи бошқаришни истайди.

Давлат тўнтаришига уриниш ортидан Туркияда юз мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди ёки ишидан бўшатилди.

Мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш умиди сўнди. Туркия ҳар қачонги даврдагидан кўра ҳам сиёсий қутблашган.

Кўпроқ қудрат берилса, Эрдўғон Туркия учун янада кўп иш қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бир замонлар четдан кўмакларга муҳтож бўлган Туркиянинг ҳозирга келиб дунёнинг энг йирик 20 иқтисодиётидан бирига айлангани ҳам ҳақиқат.

"Ўрта синф вакилларининг сони жуда кўпайди. Эрдўғоннинг рааҳбарлиги остида миллионлаб қашшоқ турклар иқтисодий бақувватлашдилар. Мактаблар, шифохоналар, йўллар ва улкан инфраструктура лойиҳалари кундалик ҳаётни ўзгартирмоқда. Олдинги дунёвий элита томонидан узоқ йиллар мобайнида рад этиб келинган тақводор туркларга ҳам ҳуқуқ берилди. Ва Туркия ўзини кучли ҳарбийларнинг панжасидан суғуриб олди. Мана энди мамлакат ўзининг келажаги учун овоз беради", деб ёзади Марк Лоуэн.

Би-би-си мухбири Президент Эрдўғоннинг она шаҳри Ризега сафар қилган. Туркиянинг Қора денгиз соҳилидаги шаҳарда Ражаб Тойиб Эрдўғон университети 11 йилдан буён фаолият юритади. Эрдўғон университетига талаба қизлар рўмол ўраб боришлари мумкин, бу нарса азалдан халқи миллатчи, анъанавий ва диндор бўлиб келган анадўлиликлар учун муҳимлигини урғулайди мухбиримиз.

Аксилэрдўғон намойишлар

Марк Лоуэн сўнгги йилларда Президент Эрдўғон юзма-юз келган мухолиф чиқишларни ёдга олади.

2013 йили ҳукумат Истанбулнинг машҳур Таксим хиёбонига туташ Гези парки ўрнида савдо маркази барпо этишга қарор қилди. Дастлаб атроф-муҳитни ҳимоя қилувчи фаоллар бу лойиҳага қарши чиққан бўлсалар, кўп ўтмай қудратдаги "Адолат ва Тарақиёт партияси" бошқарувига қарши бўлган кўп сондаги намойишчилар Гези парки ҳимоясига чиқдилар.

"Бу замонавий Туркия тарихидаги энг йирик кўча протестларига сабаб бўлди", деб ёзади мухбиримиз.

Миллионлар кўчаларга чиқдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Атроф-муҳитчиларга сўл қанот гуруҳлар, Курдлар, футбол ишқибозлари гуруҳлари ва бошқалар қўшилдилар.

Бу Эрдўғон сиёсатидан норозиларнинг чиқишлари эди. Полиция билан тўқнашувлар бу норозилик намойишларини сўндирди.

Жамиятда Президент Эрдўғон тарафдорлари ва унга қаршилар ўртасидаги қутблашув 2013 йилги телефон сўзлашувлари сизиб чиқиши ортидан кучайди. Бу телефон сўзлашуви боис Президент Эрдўғон ва унинг атрофидаги инсонларнинг коррупцияга аралашгани айбловлари илгари сурилди, Президент Эрдўғон бу айбловларнинг барини рад этиб келади.

Фавқулодда ҳолат фавқулодда чораларни оқлайдими?

Мамлакатда сўз эркинлигини қаттиқ бўғиш бошланди. Эрдўғон раҳбарлигининг дастлабки йилларидаги прогресс ортга кетишни бошлаб, танқидчи журналистлар, ёзувчилар ва санъаткорларга "хоин" тамғаси қўйила бошлади. Туркия журналистларни қамаган дунёнинг етакчи мамлакатига айланди. Ҳозир 150 журналист ўзларининг устидан суд бўлишини кутмоқдалар.

"Қўлида қурол ёки бомба ушлаган террорчи билан уларнинг мақсадларига қалами ёки мавқеси билан хизмат қилаётганларнинг ўртасида фарқи йўқ", деб айтди Президент Эрдўғон 2015 йили Анқара темир йўл вокзали ташқарисида содир этилган ва 103 инсон ўлимига сабаб бўлган портлашдан кейин.

Ҳукумат томонидан босимларнинг кучайтирилгани ҳужумларнинг сонини ҳам кўпайтирди. Охирги йилларда Туркияда содир этилган 30 га яқин террорчилик хуружи қарийб 500 инсон умрига зомин бўлди. Курд Ишчи партияси - ПККга хайрихоҳ Круд жангарилари полиция ходимлари ва ҳарбийларга ҳужумлар учун масъул бўлишди, ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ Истанбулдаги Отатурк аэропорти ва ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов айбланган Янги йил кечасидаги Истанбул шаҳридаги Reina тунги клубига ҳужумни уюштирганини тан олди.

ПКК билан Туркия ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви 2015 йил июлида бузилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Ўшандан буён Туркия жанубида Курд жангарилари билан тўқнашувлар кўпайди, БМТ 2000 ча тинч фуқаро ҳалок бўлган, деб ҳисоблайди.

Туркия армияси эса минглаб жангариларни ўлдирганини айтади.

Энг кўп тўқнашувлар юз берган Диёрбакир шаҳри марказидаги бир маҳалла буткул вайрон бўлган.

Ҳозирга келиб курдпараст HDP партиясининг 13 парламент аъзоси ҳибсга олинган, 86 ҳоким ПККга алоқаси бор деб кўрилиб лавозимларидан бўшатилган.

Бугун курдлар ҳам иккига бўлинганлар.

Гулен - биринчи рақамли душман

АҚШда истиқомат қиладиган машҳур туркиялик диний даъватчи Фатҳуллоҳ Гулен узоқ йиллар Президент Эрдўғоннинг иттифоқчиси бўлган, Эрдўғонни дунёвий сиёсатчилар ҳужумларидан ҳимоя қилиб келган.

Бироқ 2013 йили Эрдўғон ва яқинларининг коррупцияга алоқадорлиги билан боғлиқ можаро юзага чиқиши ортидан ўша пайтдаги Бош вазир Эрдўғон телефон сўзлашувларини ёзиб олишда Гуленчилар ҳаракатини айблади.

Фатҳуллоҳ Гуленни "параллел давлат"ни юритишда айбладилар, у биринчи рақамли душманга айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2016 йилдаги давлат тўнтаришида ҳукумат Гулен ва гуленчилар тармоғини айблайди, АҚШдан Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилишни талаб қилиб келади.

Хорижий мамлакатлар ҳукуматлари эса Фатҳуллоҳ Гулен давлат тўнтаришини амалга оширишга буйруқ берганига ишончлари комил эмасликларини айтадилар.

Британиядаги Ташқи Ишлар қўмитаси фикрича, давлат тўнтариши уринишига Гуленнинг айрим дастакловчилари бош қўшган бўлсалар-да, бунинг ортида бутун бошли Гулен ҳаракати турганининг исботи йўқ.

Референдумдаги баҳсларда ҳам муваффақиятсиз путч соясини кўриш мумкин: Эрдўғон референдумда "йўқ" деб овоз беришга чақираётганлар фитначиларнинг тарафдори, дейди.

"Йўқ" кампанияси тақиқланганми?

Давлат тўнтаришидан кейин жорий қилинган фавқулодда вазият эса конституция ўзгартирилишига қарши норозилик намойишларини уюштиришни тақиқлайди.

Ҳозирга келиб путч боис ҳибсга олинган, ишидан бўшатилган полиция зобитларидан тортиб, учувчиларгача, ўқитувчидан тортиб бизнесменларгача 160 мингдан ортиқ кишини ташкил этади.

Давлат тўнтаришига алоқадор бўлмаган олимлар ҳам мухолифларни қўллаб-қувватлашда айбланиб, жамиятда ёмонотлиқ қилиш бошланган.

Президент Эрдўғон уларни хорижий давлатлар ва террорчиларнинг "бешинчи колоннаси" деб атаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Би-би-си мухбири Туркия иқтисодиёти шу кеча-кундузда инқирозга учрагани ҳақида ёзади.

Иснтанбулнинг энг йирик савдо мавзеси - Istiklal Caddesiда дўконлар ҳувиллаб бормоқда, фойда кўрмаётган айрим йирик Ғарб ширкатлари Туркияни тарк этишни бошлаганлар.

Туркия иқтисодиётининг 10 фоизини ташкил этган сайёҳлик тезлик билан қуйига кетмоқда.

2014 йили Туркияга 42 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2016 йили бу рақам 25 миллионга тушган.

Меҳмонхоналар нархларини пасайтириб бораётган бўлсалар-да, туристларни жалб қила олмаяптилар.

Тўрт хорижий сайёҳ ўлимига олиб келган террорчилик хуружи ва сиёсий беқарорлик чет эллик сайёҳатчиларни тўхтатмоқда.

Истанбулнинг қадимий бозорида ҳам савдо камайиб кетган, ширкатлар дўконларини ёпишга мажбур бўлмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Ишсизлик 12 фоиз кўпайган.

Турк Лираси 2016 йил ўртасидан буён АҚШ долларига нисбатан чорагига қадрсизланди.

Натижада "сайловчилар "йўқ" деб овоз беришга қўрқиб қолишгану, аммо референдум куни йўқ деб овоз берадилар, дейди Истанбулдаги дўкондорлардан бири.

"Демократия поездга ўхшайди. Манзилингга етганингдан кейин ундан тушиб қолишинг мумкин", деб айтганди бир замонлар Эрдўғон.

Туркиядаги айримларнинг фикрича, мамлакат поездининг манзилига етишига анча бор, бошқаларнинг фикрича, эса мамлакат поезди бузилган ва секинлаб юриб бормоқда.

Референдум Эрдўғон Туркиясининг тожи ёки барбод бўлиши бошланишининг бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин, дея хулоса қилади Би-би-си мухбири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ