Ҳалаб яқинидаги портлаш қурбонлари сони ортди

Жароҳатланган болаларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жароҳатланган болаларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда

Ҳалаб яқинида шанба куни рўй берган портлашда қурбонлар сони 112 тага етган. Портловчи моддалар билан тўлдирилган машина ҳукумат назорати остида шаҳардан одамларни олиб чиқаётган автобуслар карвонига келиб ўзини урган.

Британияда жойлашган Сурияда инсон ҳуқуларини мониторинг қилиш маркази берган маълумотларга кўра, Фуа ва Кефрая шаҳарларидан одамларни эвакуация қилинаётган 98 одам ўлган. Вафот этганлар ичида болалар ҳам борлиги айтилмоқда.

Ҳалок бўлганлар ичида инсонпарварлик ёрдам хизмати ишчилари, автобусни қўриқловчилар ҳам бўлган. Кўплаб одам турли даражада жароҳат олган. Жони узилувчилар сони ортиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ҳужумга жавобгарликни ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ. Дамашқдаги ҳукумат ОАВ маълумотларига кўра, портлашни худкуш ҳужумчи амалга оширган.

Ҳужум маҳаллий вақт билан 15:30 да ҳукумат томонидан назорат қилинувчи Рошидин туманида рўй берган. Бу ерда Фуа ва Кефрая шаҳридан эвакуация қилинаётган одамлар назорат ўтиш нуқтасида навбат кутаётган бўлган.

Би-би-сининг Яқин шарқдаги мухбири Лина Синжабнинг айтишича, ҳодиса озиқ-овқат ортган машина келиб тўхтаб, егулик тарқатиб кўплаб болаларни ўз атрофига тўплаган вақтда содир бўлган.

Унинг айтишича, машина қочқинлар турган ҳудудга ҳукумат текширувсиз қандай ўтиб келгани номаълум. Ҳудуд ҳукумат кучлари томонидан назорат остида бўлган.

Ҳукумат даъво қилаётгандек, ҳужумга исёнкорларнинг қатнашгани борасида бирор далил йўқ.

Мухбиримизнинг айтишича, ҳужум исёнкорларнинг манфаатига ётмайди. Сабаби улар ҳам бошқа шаҳарлардан ўз тарафдорларининг эвакуация қилинишини кутишмоқда.

Автобус ичида 2015 йили исёнчилар ўраб олинган Фуа ва Кефрая шаҳри одамлари бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Жабрланганлар Ҳалабдаги шифохонага олиб келинган

Март ойи охирида исёнчилар ва ҳукумат армияси 30 минг одамни эвакуация қилиш бўйича ўзаро келишиб олган эди.

Унга биноан исёнкорлар томонидан ўраб олинган Фуа ва Кефрая ҳамда ҳукумат кучлари томонидан қамал қилинган Мадая ва Забадони шаҳарларидан одамлар чиқариб олиниши керак эди.

Рошидин туманидаги портлашдан сал олдинроқ Франс пресс мухбири Ҳалаб ғарбида 3 минг 700 қочқинни ортиб олган автобуслар 30 соатдан бери турганини хабар қилган эди.

Портлашдан сўнг исёнкорлар ўраб олган шаҳарларда қасос учун тинч одамларга ҳужум бўлишидан хавотирлар пайдо бўлган.

Бироқ якшанба куни айирбошлаш давом этган. Икки томоннинг автобуслари ҳам хавфсиз жойга кўчирилган.

Исёнчилар олдинроқ ҳукуматни келишув шартларига амал қилмаётганликда айблаган эди. Уларга кўра, ҳукумат оддий фуқаролар билан бирга жангга мойил одамларни ҳам олиб чиқиб кетмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Портлаш бўлган вақти ҳукуматга тегишли қочқинлар исёнчилар назорати остида бўлган

Шиа мусулмонлари яшовчи Фуа ва Кефрая шаҳарлари Ал-Қоидага алоқадор деб кўриладиган сунний мусулмон жангарилар томонидан 2015 йилнинг март ойидан бери қамал остида қолмоқд

Сунний мусулмонлар яшовчи Мадая ва Забадони шаҳарлари 2015 йилдан бери Ливан шиаларидан ташкил топган жангарилар ва Сурия ҳукумат армияси томонидан қамалга олинган.

Қамал 4 йилдан бери давом этмоқда ва бу вақт давомида тўртала шаҳарда 64 мингдан ортиқ аҳоли деярли овқатсиз, сувсиз ва дори-дармонсиз яшаб келмоқда.

БМТда қамалда қолаётган шаҳарлардаги вазиятни фалокатли деган. Сув ва овқат етишмаслиги натижасида бу шаҳарларда ўнлаб одамнинг ўлгани тахмин қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ