Эрдўғон тарафдорлари референдумда ғалаба қозонмоқда

Эрдўғон тарафдорларининг қўли баланд келмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрдўғон тарафдорларининг қўли баланд келмоқда

Туркияда Президент ваколатларини оширишга қаратилган референдумда овоз бериш якунланди. Унинг илк натижаларига кўра, "ҳа" деб жавоб берувчилар кўпроқни ташкил қилмоқда. Шу вақтгача референдум овозларининг 99 фоизи ҳисоблаб чиқилган. Унда "ҳа" деб жавоб берувчилар 51.34 фоиз билан устунлик қилаётганини кўриш мумкин. Ислоҳотларга йўқ дея жавоб берганлар 48.66 фоизни ташкил қилмоқда.

"Ҳа" деб жавоб берганлар аввалига яққол устунлик қилаётган эди. Овозлар аксар қисми саналгач уларнинг сони туша бошлаган, аммо катта эҳтимол билан "йўқ" деювчиларнинг уларга етиб ололмаслиги айтилмоқда.

Haberturk fгентлигининг маълум қилишича, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга 86 фоиз одам қатнашган.

Туркиянинг йирик шаҳарлари Истанбул ва Анқара кичик фарқ билан ўзгаришларга қарши овоз берган.

Хориждаги сайловчиларнинг қарийб 60 фоизи "ҳа" деб жавоб берган.

Ўзбекистондан референдумда қатнашган Туркия фуқароларининг 53.65 фоизи "ҳа" деб овоз берган. 46.35 фоизи "йўқ" деган.

Туркия "Адолат ва тараққиёт" партиясидан Бош вазир Бинали Йилдирим партия биноси ўнгида йиғилганлар қаршисида нутқ сўзлаган.

У референдумда фаол иштирок этгани учун бошқа партия аъзолари ва етакчиларига ҳам ўз миннатдорчилигини билдирган.

"Туркиянинг оёғидан чалмоқчи бўлганлар мағлуб бўлди. 2019 йилги сайловларга қадар керакли тайёргарликларни кўриб, бошқарув тизимини илк умумий сайловда ҳаётда қўллаймиз. Ички ва ташқи душманларимизга қарши мужоадаламиз янада шиддатланади. "Ҳа" деганлар ҳам, "йўқ" деганлар ҳам бирдир, бирдек қийматга эгадирлар. Икки тарафга ҳам ташаккур билдираман", - деган у.

Мухолифатдаги Республика Халқ партияси овозларнинг 60 фоизини қайта санашни талаб қилган.

Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва Тараққиёт партияси Туркиянинг парламентар бошқарувини Президент бошқарувига ўзгартиришни исташади.

Ушбу ғояни қўллаб қувватловчиларга айтишича, у мамлакатнинг замонавийлашуви ва бошқарувнинг оддийлашувига хизмат қилади. Бироқ мухолифат ушбу ҳаракат мамлакатда авторитаризмнинг кучайишига олиб келишидан хавотир билдиради.

Референдумда "Ҳа" деб жавоб бериш Эрдўғоннинг 2029 йилгача ҳокимият тепрасида қолишига шароит яратиши ҳам мумкин.

167 минг сайлов участкаларида сайлов ҳуқуқига эга 55 миллион одам овоз бериши мумкин. Илк хабарлар реферундумда иштирок этганларнинг сони ўта юқори бўлганлигини айтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Референдум куни Диёрбакир вилоятида сайлов участкаси олдидаги отишма уч кишиининг умрига зомин бўлган.

Нималар ўзгариши мумкин?

Референдумда қуйидагилар таклиф этилган:

Бош вазир лавозими бекор қилиниб вице-президент лавозими жорий этилади.

Президент ҳам ҳукумат ва ҳам давлат раҳбари бўлади, айни пайтда сиёсий партия билан боғлиқликни сақлаб қолади.

Президентга ўз фармони билан қонун ижросини тўхтатиш, парламентни тарқатиб юбориш ваколати берилади.

Парламент вазирларни ортиқ ҳисоб бердиртиролмайди.

Президент фаолиятини текшириш ёки президентга импичмент эълон қилиш борасида парламентнинг қудрати чекланган бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг