Туркия Президент ҳокимиятини ёқлаб овоз берди

Эрдўғон тарафдорлари байрамни бошлаб юборишган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўғон тарафдорлари байрамни бошлаб юборишган

Туркия Олий сайлов кенгаши мамлакат Президентига янги ваколатлар берувчи референдумда ушбу таклиф тарафдорлари ғолиб чиққанини эълон қилди. Сади Гувен бу ҳақда мухолифатдаги Республика Халқ партияси овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар бўлгани ҳақидаги даъволари манзарасида гапирган.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон томонидан олдинга сурилган Президент ваколатларини кучайтириш таклифи 51,41 фоиз овоз билан ютиб чиққан.

Ғалаба Туркияда нишонлашлар ва норозилик акциялари билан қарши олинган.

Мухолифатдаги Республика Халқ партияси овозларнинг 60 фоизини қайта санашни талаб қилган.

Бироқ Гувен душанба куни журналистларга муҳрсиз сайлов қоғозлари Олий сайлов кенгаши томонидан ишлаб чиқарилганини ва яроқли эканлигини маълум қилган. Унга кўра, бу каби жараён олдинги сайловларда ҳам рўй берган.

Хориждаги сайловчиларнинг қарийб 60 фоизи "ҳа" деб жавоб берган.

Туркиянинг йирик шаҳарлари Истанбул ва Анқара кичик фарқ билан ўзгаришларга қарши овоз берган.

Мухолифат тарафдорлари Истанбул кўчаларига кастрюл-товаларни бангиллатиб намойишга чиқишган.

Бу вақтда Эрдўғоннинг тарафдорлари Президентдан "тарихий қарор" берганлиги учун мақтов эшитганидан сўнг ғалабани нишонлашни бошлаб юборишган. Ушбу ўзгаришлар Эрдўғонни сайловларда ютиб чиққан тақдирда 2029 йилгача ҳокимият тепасида қолишига йўл очади.

Шу вақтгача референдум овозларининг 99,97 фоизи ҳисоблаб чиқилган. Унда "ҳа" деб жавоб берувчилар 51.41 фоиз билан устунлик қилаётганини кўриш мумкин. Ислоҳотларга "йўқ" дея жавоб берганлар 48.59 фоизни ташкил қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари Меҳмет Шимшек натижалар ортидан мамлакатда муддатидан олдин сайловлар бўлмаслигини айтиб чиққан.

Парламент сайловлари белгиланганидек, 2019 йилда бўлиб ўтади.

Европа комиссияси референдум натижалари чиққанидан сўнг баёнот билан чиққан. Унда ташкилот халқаро кузатувиларнинг хулосасини кутаётгани айтилган. Ташкилот Эрдўғонни оқибатлари узоққа борувчи конституцион ўзгаришларни кўриб чиқаётганда овозлардаги фарқнинг кичиклигини ҳурмат қилишга ва максимал имкон даражасида миллий ҳамжиҳатликни инобатга олишга чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўзгаришлар тарафдорлари ғалабасини шу тарзда нишонлашган

Би-би-сининг Анқарадаги мухбирининг айтишича, мамлакатни иккига бўлган референдум кампанияси баҳсли натижа билан якун топган. Президент Эрдўғон унча катта бўлмаган натида билан қўлга киритилган ғалабани эълон қилган ва икки томонни ҳам уни ҳурмат қилишга чақирган. Бироқ мухолифат овоз бериш дараёнида қонун бузарликлар бўлганини эътироф этиб, ушбу чақириқларга қулоқ осмаган.

Халқаро кузатувчилар ўз хулосаларини душанба куни беришади. Бу мухолифатнинг даъволарига куч бериши ёки заифлаштириши мумкин, хулоса Ғарб сиёсатчиларининг натижага қандай ёндашиши мумкинлигига ҳам ойдинлик киритади.

Навбатда ўлим жазосими?

"Бугун Туркия тарихий бир қарор олди. Халқ билан тарихимиздаги энг муҳим ислоҳотни амалга ошира олдик", - деган Президент Эрбўғон Истанбулдаги қароргоҳида журналистларга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мухолифат ўз норозилигини идиш-товоқни бир-бирига уриб билдирган

Президент мамлакатда ўлим жазосини тиклайдиган референдум ўтказилиши мумкинлигини айтган. Бу Туркиянинг Европа Иттифоқига шусиз ҳам кириш имконияти паст бўлган музокараларга нуқта қўйиши мумкин

Нималар ўзгариши мумкин?

Референдумда қуйидагилар таклиф этилган:

Бош вазир лавозими бекор қилиниб вице-президент лавозими жорий этилади.

Президент ҳам ҳукумат ва ҳам давлат раҳбари бўлади, айни пайтда сиёсий партия билан боғлиқликни сақлаб қолади.

Президентга ўз фармони билан қонун ижросини тўхтатиш, парламентни тарқатиб юбориш ваколати берилади.

Парламент вазирларни ортиқ ҳисоб бердиртиролмайди.

Президент фаолиятини текшириш ёки президентга импичмент эълон қилиш борасида парламентнинг қудрати чекланган бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ