Британия партияси бурқани тақиқламоқчи

бурқа Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Британиянинг "Мустақиллик партияси" (UKIP) бурқаларга тақиқ қўйилиши талаб қилмоқда. Партия мусулмон аёлларнинг жамоат жойларда юзини тўсишини тақиқлашни сайловолди дастурига асосий масала сифатида киритган. Британияда мусулмон аёлларнинг юзини ниқоб ва бурқа билан ёпиб юриши қонунан тақиқланмаган.

Мамлакатда июн ойида муддатидан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтади. Британинянг Европа Иттифоқидан чиқиш учун ўтказилган референдумда асосий роллардан бирини ўйнаган UKIP партияси муҳожирларга нисбатан кескин қарашлари билан машҳур.

Душанба куни UKIP етакчиси Пол Наттол партиясининг янги сайлов олди дастурини эълон қилади. Унда Британия ҳудудида шариат қонунларини тақиқлаш таклифи ҳам ўрин олади.

Бундан ташқари партия аёлларни хатна қилиш ҳолатлари рўй берган тақдирда, ундан бохабар бўлган заҳоти, зудлик билан полицияга хабар беришни мажбурий қилиш тўғрисида қонун қабул қилинишини таклиф қилмоқда.

UKIPнинг олдинги етакчиси Нэйжел Фарадж 2010 йили бурқани тақиқлашни таклиф қилганди. Бироқ унинг таклифи партия томонидан қўллаб қувватланмаган. Таклиф 2015 йилги парламент сайловлари арафасида партия дастурига киритилмаган.

Британияда муддатидан олдин сайловлар 8 июн куни бўлиб ўтади.

Аёлларнинг юзини буткул тўсиб турувчи бурқа Европанинг Франция, Белгия ва Болгария давлатларида қонунан тақиқланган. Айрим давлатларда қисман чекловлар киритилган.

Ўзбекистоннинг қўшниси Қозоғистонда ҳам бурқани тақиқлаш борасида қонун лойиҳаси ишлаб чиқарилаётгани билдирилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ