Шаккоклик-ўлимга лойиқ гуноҳми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Оломонга қарши...

Покистонда университет талабасини оломон шафқатсизларча уриб ўлдирди.

Талаба шаккокликда гумон қилинган эди ва бу қотиллик Покистонни ларзага солди.

Мамлакатда шаккоклик учун кескин ва баҳсли қонунлар бор. Инсон ҳақлари фаолларига кўра, бу қонунлар аслида диний озчиликларни нишонга айлантиради, ҳатто шахсий адоватларга асос бўлади.

Талабанинг ўлими Покистондаги қонунчиликда ислоҳотларга сабаб бўлиши мумкинми?

Машал Хон ким эди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Машал Хон яшаган хона

Покистон шимолидаги Мардон шаҳри университетининг 26 ёшли талабаси Машал Хон журналистикада ўқир эди.

У ўзини Facebookдаги саҳифасида гуманист деб таништиради, унинг ижтимоий тармоқларда тарғиб қилгани ирқчиликка қарши ҳаракатлар, хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоясига доир чиқишлар бўлган.

Университет ётоқхонасидаги хонаси эса Че Гевара ва Карл Маркс суратлари билан безатилган, девордаги шиор - "Озодлик ҳар бир шахснинг ҳаққидир" эди.

Машал Хонни нима учун ўлдиришди?

13 апрел куни талабалардан ташкил топган юзлаб оломон ётоқхонага келишди. Улар Машал Хонни қидиришарди.

Машал Хонни шаккокликда айблаш учун нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Reuters хабарига кўра, Машал Хон муқаддам талабалар билан дин ҳақида қизғин баҳсда иштирок этган.

Машал Хоннинг дўстига кўра, унга авваллари ҳам таҳдид қилишган.

Айнан шунинг учун у ўз фикрларини доим ошкор қилавермаган.

Матбуотга сизган айрим хабарларда қўлга олинган талабалардан бири аввалдан Машал Хон ва унинг икки дўстини "аксилисломий" қарашларда айблаганига иқрор бўлган.

Гумон остидаги талаба шунингдек, қотиллик содир қилинган куни тонгда Машал Хоннинг шаккоклигини муҳокама қилиш учун ўқитувчилар ва талабалар йиғинига таклиф қилинганини айтган.

Нима бўлган эди?

Машал Хоннинг дўстларидан бири ҳам шу мажлисда қатнашади.

Уни ҳам шаккокликда айблашади.

Полицияга берган кўрсатмасида у ўша куни ҳамманинг олдида Шаҳодат калимаси келтиргани ва кейин Машал Хонни шаккокликда айблашга мажбур қилинганини айтади.

Калимасини келтирар экан, у Машал Хонни айблашдан бош тортади.

Ўқитувчилардан бири Зиёуллаҳ Ҳамдард Покистон телевизиони билан суҳбатида Машал Хонни оломон ғазабидан огоҳлантиришни истаганини айтди.

Аммо оломон аллақачон ётоқхонага келган ва Машал Хоннинг хонасига бостириб кирганди.

Мобил телефондаги тасвирларда Машал Хоннинг калтакланиши, тепкиланиши акс этади.

Суд тиббий-экспертизасига кўра, Машал Хон жасадида ўқ изи ҳам бўлган.

Бу фожеа гувоҳларидан бири Facebook саҳифасида Машал Хон ўлимига қадар ўзининг гуноҳсиз эканини айтгани, касалхонага олиб боришларини сўраб ёлворганини ёзади.

Ётоқхона нозири Би-би-си билан суҳбатда Машал Хонга ўқ узилганидан кейин қандай қилиб уни хавфсиз жойга тортиб чиқаришга ҳаракат қилганини сўзлаб берган.

Аммо, унинг айтишича, оломон уни яна тортиб олган ва то жони чиққанига қадар урган, тепкилаган.

Яна бир гувоҳнинг Би-би-сига айтишича, оломон Машал Хоннинг жасадини ёқиб юбормоқчи бўлган, аммо полиция бунга йўл қўймаган.

Тергов нимани аниқлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Машал Хон ўлдирилган жой

Йигирмадан ортиқ киши ҳибсга олинди, уларнинг айримлари университет ходимлари эди.

Сиёсий партияларнинг университетдаги талаба фаоллари ҳам бу оломон ичида бўлгани айтилди.

Полицияга кўра, улар Имрон Хоннинг PTI партияси вакилини ҳам қидиришмоқда. У видеода пайдо бўлади ва Машал Хонни ким ўлдирганини ошкор қиладиган шахс "хиёнаткор" бўлади, деб эълон қилади.

Ўлдирилган талабанинг дўстлари Машал Хонни университет маъмурияти "ўлгудай ёмон кўришларини" айтишди.

Бунга Машал Хон университет маъмуриятини телевизион суҳбатда танқид қилгани сабаб бўлган экан.

Шубҳа остида бўлганлардан бири айнан университет ходимларидан бири Машал Хонга қарши талабаларни "қайрагани" ҳақида гувоҳлик берган.

Университет мулозимлари эса Машал Хоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкони бор ҳаракатларга қўл урганларини ва ҳозир терговчилар билан тўла ҳамкорлик қилаётганларини айтишмоқда.

Покистонликлар қандай муносабат билдирди?

Ширк ва шаккоклик учун Покистон қонунчилигида ўлим жазосига кўзда тутилган.

Ўлим жазоси берилгани билан ҳукумат ҳозирга қадар ҳеч кимни қатл қилгани йўқ.

Аммо шаккокликда айбланган бир неча шахс ўлдирилган.

Одатда шаккоклик қилганларга ўлим жазоси берилишини кўплар дастаклайди.

Машал Хон ўлдирилганидан кейин унинг қишлоғидаги имом жаноза ўқишдан бош тортгани ва одамларни ҳам дафн маросимида қатнашмасликка чақиргани айтилади.

Аммо Машал Хонни аксарият покистонликлар ёқлаб чиқишди.

Аксарият Машал Хоннинг ижтимоий тармоқларида қолдирган фикрларини "байроқ" қилди, бўлашди.

Мамлакат бўйлаб унинг қотиллари топилиши ва жазога тортилишини талаб қилиб намойишлар кечди.

Сиёсатчилар нима дейди?

2011 йилда Панжоб ҳокими Салмон Тасир ўз тан қўриқчиси томонидан мамлакатдаги шаккоклик борасидаги қонунни ислоҳ қилмоқчи бўлгани учун ўлдирилади.

Ана ўшандан бери сиёсатчилар бу мавзуга яқинланишдан тийилиб келадилар.

Бош вазир Навоз Шариф ҳам Машал Хон ўлими юзасидан баёнот беришга шошилмади.

Икки кун ўтгач оломоннинг бу амалини кескин қоралаб, баёнот берди.

Мухолифатдаги сиёсатчи Имрон Хон биринчилардан бўлиб айни ҳодисани қоралади.

Машал Хоннинг оиласини бориб кўрди.

Кузатувчиларга кўра, ҳукумат сўнгги пайтлар шаккоклик борасидаги анчайин кескин мавқеини эгаллаган.

Бош вазир ўтган ой шаккокликни "кечириб бўлмайдиган гуноҳ" деб таърифлади.

Шаккокликка доир қонун ўзгарадими?

Машал Хон ва шаккоклик айблари билан ўлдирилган бошқа шахсларга нисбатан покистонликларнинг ҳайриҳоҳлиги ортиб бормоқда, чунки полиция бу шахсларнинг ширк келтиришига доир асосу далиллар йўқлини айтган.

Сиёсатчилар ҳам, уламоқлар ҳам шаккоклик борасидаги қонунларга эҳтиёткорона муносабат қилиш лозимлигини урғулашмоқда.

Жомея Бинория мадрасасидан Муфти Наимнинг айтишича, "шаккоклик ҳақидаги қонун суистеъмол қилинмоқда".

Аммо шаккоклик борасидаги қонун ўзгариши керакми деган савол бўйича баҳслар тўхтагани йўқ.

Фаоллардан бири Жибран Насирга кўра, "ҳозирга қадар фақат бу қонунни рўкач қилиб, қотиллик қилганларни жазолаш талаби янграмоқда, қонуннинг ўзини ислоҳ қилиш ҳақида сўз йўқ".

Машал Хоннинг отаси Би-би-си билан суҳбатда ўз бошига тушган кўргулик бошқа такрорланмаслиги учун ҳукуматдан аниқ ва далил қадамлар қўйишини кутаётгани ҳақида айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Алоқадор мавзулар