АҚШ сувости кемаси Жанубий Кореяга етиб борган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги даҳанаки жанг кучайиб борар экан, АҚШнинг USS Michigan атом сувости кемаси Жанубий Корея қирғоқларига етиб боргани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

25 апрель - Шимолий Корея армияси барпо этилганининг 85 йиллиги нишонланадиган кун.

Бундан олдинги йилларда армияси ташкил этилгани байрами кунида Шимолий Корея ўз ҳарбий қудратини намойиш этиш мақсадида янги ракеталарини отиб синовдан ўтказган.

Бу йил ҳам Пхеньян ёки ракета ёки ядровий синов ташкиллаштиради деган хавотирлар билдирилди.

Охирги ҳафталарда АҚШ ва Шимолий Корея бир-бирига қарши кескин баёнотлар билан чиққани орадаги тарангликни янада орттирди.

Бутун бошли АҚШ Сенати аъзолари 26 апрель куниОқ Уйга чақирилганлар, бундан кўзланган мақсад, Шимолий Корея масаласи муҳокамаси экани айтилган.

Президент Трамп "ваниҳоят Шимолий Корея муаммосини ҳал қилмоқчи" эканини айтган.

USS Michigan атом сувости кемаси 154 "Томогавк" ракетаси ва 60 махсус қўшин ҳарбийларини олиб юрадиган кема.

USS Michigan АҚШнинг бундан олдин Корея ярим оролига йўл олган Carl Vinson учоқ ташувчи кемаси раҳбарлигидаги ҳарбий кемалар гуруҳига қўшилган.

Америка ҳарбий кемалари ўз кучини кўрсатиб қўйиш мақсадида ташкил қилинаётган ўқув машғулотларида қатнашиши кутилмоқда.

Корея ярим ороли томон АҚШ учоқ ташувчи кемаси йўл олгани ҳақидаги хабар расмий Пхеньянни ғазаблантирди ва "АҚШ тажовузига" қарши бир ҳужум билан Carl Vinsonни чўктириб юбориш билан таҳдид қилди.

Олдинроқ Президент Трамп телеинтервьюсида Корея томонга "армада" юбораётганини, АҚШ ихтиёрида "авиаташувчидан кўра жуда кучли, ҳаддан ташқари кучли сувости кемалари" борлигини айтганди.

Хитой бир неча бор АҚШ ва Шимолий Кореяни босиқликка чақирган, хабарларга кўра, шу кунларда Президент Трамп билан телефон орқали мулоқотида Президент Си Цзинпин "тарангликни янада ошириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга" чақирган.

Америка кемалари Жанубий Кореяга етиб борганлари ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан Шимолий Корея артиллерия ўқув машғулотларини ўтказган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.