БМТ Бош котиби: ҳар 10 дақиқада яманлик бола нобуд бўлмоқда

Яман шифохонасидаги гўдак
Image caption БМТ: Яман аҳолисининг чорак қисми зудлик билан ёрдамга муҳтож

Женевадаги Яман учун донорлар анжуманида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш очликдан нобуд бўлаётган гўдакларни асраб қолиш учун зудлик билан ҳаракат қилишга чақирган.

Яман бу мамлакатда урушлар бошлангунча ҳам Яқин шарқдаги энг камбағал мамлакат ҳисобланарди.

Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция ва Хусий қабиласи жангарилари ўртасидаги икки йиллик уруш эса мамлакатни очарчилик ёқасига келтирганидан огоҳлантирмоқда БМТнинг Озиқ-Овқат дастури.

БМТ Ямандаги вазиятни "дунёнинг энг йирик инсонпарварлик инқирози" деб таърифламоқда.

Женевада донорлар олдида гапирган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, биз бутун бошли авлод очдан ўлаётгани ва майиб-мажруҳ бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, деб айтган.

Ҳозирги пайтда Яман аҳолисининг 60 фоизи ёки 17 миллион одам очарчилик билан юзма-юз келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption БМТ Ямандаги вазиятни "дунёнинг энг йирик инсонпарварлик инқирози" деб таърифламоқда.

Қарийб 7 миллион одам ўта абгор аҳволда, улар эртага егулик қаердан келиши ёки бўлмаслигини билмайдилар.

Инқироздан, айниқса, болалар кўп жабр кўрмоқдалар.

Икки миллион боланинг силласи қуриган.

"Ўртача ҳар 10 дақиқада ёши беш ёшгача бўлган гўдакларнинг ўлими олдини олиш мумкиндир. Бу дегани бугунги анжуман кунида Яманда 50 бола ҳаётдан кўз юмади ва бу ўлимларнинг ҳаммасининг олдини олиш мумкин эди", деб айтган жаноб Гутерриш.

"У ерда яшашнинг, тирик қолишнинг ўзи имконсиз бўлиб қолган", деб айтган Би-би-сига Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг вакили Роберт Мардини.

БМТ ҳалокат олдини олиш учун яманликларга 2 миллиард 100 миллион долларлик кўмак сўраб мурожаат қилган.

Бироқ шу пайтгача бу маблағнинг атиги 15 фоизини тўпланган, холос.

Ёрдам ташкилотлари Яманни унутилган можаро деб атайдилар.

Шунингдек, халқаро анжуманда фақат кўмак масаласи эмас, урушаётган томонларни музокаралар даврасига ўтирғизишга эришиш устида ҳам бош қотириш зарурлиги таъкидланмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас