Мусулмон кўплигидан нолиган ҳоким жаримага тортилди

Безье шаҳри ҳокими Робер Менар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP / PASCAL GUYOT

Париждаги маҳкама Безье шаҳри ҳокими Робер Менарни нафрат уйғотишда айбдор деб топиб 2000 Еврога жаримага тортган. Бунга жаноб Менарнинг Безье шаҳридаги мактабларда мусулмон болаларининг сони кўпайиб кетгани ҳақидаги ёзувлари сабаб бўлган.

2016 йил 1 сентябрь - янги ўқув йилининг биринчи кунида Безье ҳокими Робер Менар Twitterдаги саҳифасида "катта ўрин алмашишини кузатган"и ҳақида ёзган.

Ушбу ибора Францияда оқ танли насроний аҳолининг мигрантлар томонидан сиқиб чиқарилаётгани маъносини англатади.

Орадан бир неча кун ўтиб Робер Менар LCI телеканалига шундай деб айтган: "Менинг шаҳримдаги синфда болаларнинг 91 фоизи мусулмонлар. Бу муаммо экани аниқ. Сабр-тоқатнинг ҳам чек-чегараси бор".

Ушбу баёнотлари сабаб Менар танқидлар остида қолди.

Ўзига қарши танқидларга жавобан у, "мен фақат ўз шаҳримдаги аҳволни кўрсатдим, холос. Бу баҳоловчи мулоҳаза эмас, бу факт. Бу - мен кўриб турган нарса", деб айтган.

Робер Менар Париж маҳкамаси устидан шикоят қилмоқчи.

Франция қонунчилигига биноан инсонларнинг этник мансублиги ёки диний эътиқоди ҳақидаги статистик маълумотларни йиғиш тақиқланади.

Робер Менар эса ўзини статистик маълумот тўплаган одам эмас, балки бор фактни эътироф этган киши деб ҳисоблайди.

Робер Менар расман мустақил сиёсатчи саналади.

Аммо у Францияга муҳожирлар оқимини тўхтатиш мақсадини кўзлаган ўнг қанот "Миллий жабҳа" партияси сиёсати тарафдори, шунинг учун ўнг қанотчилар ҳам Робер Менарни қўллаб-қувватлаб келадилар.

23 апрелдаги Франция президентлик сайловининг биринчи босқичида "Миллий жабҳа" етакчиси Марин Ле Пен ва марказчи-либерал сиёсатчи Эммануэль Макрон энг кўп овоз тўплаб ғалабага эришдилар.

Хавфсизлик кучайтирилган Францияда сайлов ўтмоқда

Сайлов иккинчи босқичида Макрон ва Ли Пен беллашади

Эммануэль Макрон учун 23,75 фоиз, Ле Пен хоним учун сайловчиларнинг 21,53 фоизи овоз берди.

Икки сиёсатчи президентлик сайловининг 7 майдаги иккинчи босқичида беллашадилар.

Франциядаги президентлик сайлови кампанияси бошланганидан кейин Марин Ле Пен "Миллий жабҳа" раҳбарлигидан истеъфо берди, буни у "партия манфаатларидан юқори туриш" истаги билан изоҳлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ