Туркияда 1000 киши гуленчилар сифатида ҳибсга олинган

Туркия полицияси 3200 дан ортиқ кишини ҳибс қилмоқчи Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркия полицияси 3200 дан ортиқ кишини ҳибс қилмоқчи

2016 йилдаги Туркиядаги ҳарбий давлат тўнтаришини ташкиллаштиришда гумон қилинаётган Гулен ҳаракатига алоқадор деб кўрилган 1000 киши ҳибсга олинган.

Туркия полицияси хабар қилишича, 3200 дан ортиқ киши гумон қилинмоқда ва уларнинг 2200 тачасига қидирув эълон қилинган.

Расмийларга кўра, гумон қилинаётган одамлар Туркия полицияси таркибидаги "махфий тизим аъзолари" бўлганлар.

Гумондорлар АҚШда истиқомат қиладиган исломий даъватчи Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракатига хайрихоҳлардир.

Ички ишлар вазири Сулейман Сойлу сўзларига кўра, 72 вилоятдаги 1009 "махфий имом" ҳибсга олинган ва вазир ушбу ҳибсларни Туркия учун муҳим қадам, деб таърифлаган.

Хабар қилинича, бутун мамлакат бўйлаб уюштирилган рейдларда 8500 тача полиция ходими иштирок этган.

Туркия ҳукумати Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати 2016 йил июлидаги давлат тўнтариши ортида турган.

16 апрелда ўтказилган референдумда Президент Эрдўғон ғалаба қозонди, энди Туркияда президент аввалгидек маросимий лавозим бўлмайди.

Президент Эрдўғон ижроия ҳокимияти раҳбари сифатида ўз қудратини оширди.

Би-би-сининг Туркиядаги мухбири Марк Лоуэннинг ёзишича, референдумдан кейин ўз қудратини оширган Президент Эрдўғоннинг давлат фитнаси бўйича "овини" кучайтириши кутилган эди.

"Биз армия кучлари, адлия тизими ва полиция ичидаги гуленчилар ҳаракати аъзоларини тозалашга ҳаракат қилаяпмиз", деб айтган Президент Эрдўғон Рейтер ахборот агентлигига.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Рейдларда 8500 тача полиция ходими иштирок этган.

26 апрелгача Туркияда 47000 киши ҳибсга олинган.

Улар орасида 10700 полициячи, 7400 ҳарбий бўлган.

Минглаб инсонлар ишларидан айрилганлар.

Улар орасида жамоат ташкилотлари, давлат идоралари ходимлари, ўқитувчилар ва бошқалар бор.

Қатор мухолифат оммавий ахборот воситалари фаолияти тўхтатилган.

25 апрель куни Европа Иттифоқининг Парламент ассамблеяси Туркияни матбуот ва ўз фикрини ифодалаш эркинликларини қайта тиклаш бўйича зудлик билан чоралар кўришга чақирган.

Ушбу чақириқ Туркия ҳукуматини янада ғазаблантирди.

Ўз интервьюсида Президент Эрдўғон Европа Иттифоқини Туркия учун "эшикларини ёпишда" айблади.

"Европада Исломофобиянинг кенгайиши жиддийлашди", деб айтган Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ