Жаҳон янгиликлари қисқа сатрларда

Дамашқ аэропорти яқинида портлаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Дамашқ аэропорти яқинида портлаш

Сурия пойтахти Дамашқнинг халқаро аэропорти яқинида йирик портлаш бўлган. Араб матбуоти хабарларига кўра, айни портлаш Исроил ҳаво кучларининг ҳужуми бўлиши мумкин. Исроил ҳаво қўналғаси яқинида Ҳизбуллоҳ гуруҳига тегишли ҳарбий заҳиралар омборхонасини нишонга олган бўлиши ҳақида тахминлар айтилмоқда. Аммо ҳозирга қадар бу хабарлар мустақил манба томонидан тасдиқланмаган.

Зиддиятлар марказида яна Шимолий Корея

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Зиддиятлар марказида яна Шимолий Корея

АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан жазо чораларини ва дипломатик босимларни кучайтиради. Мақсад Шимолий Кореяни ядровий ва ракета қуроллари дастурларини тугатишга мажбур қилишдир. Президент Доналд Трамп 100 нафар сенатор билан учрашганидан кейин мазкур масалада стратегиясини очиқлаган. Аввалроқ, Американинг Тинч океани ҳафзаси бўйича қўмондони Жанубий Кореяга ракеталарда мудофаа замонавий тизимининг жойлаштирилишини ёқлаб чиққан эди. Минтақада Шимолий Кореянинг янги қуроллар синови юзасидан зиддият кучайиб бормоқда.

Венесуэла ҳукумати нимадан норози?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Венесуэла

Венесуэла Америка Давлатлари Ташкилотидан ўз ички ишларига аралашаётгани учун чиқиб кетаётганини маълум қилган. Сал аввалроқ айни ташкилот Венесуэладаги иқтисодий ва сиёсий инқирозни муҳокама этиш учун фавқулодда йиғин чақиришини айтганди.

Туркияда яна қама-қама

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Туркияда яна қама-қама

Туркия Ички ишлар вазирлиги 9 мингдан ортиқ полиция ходимларини ишдан четлаштирган. Мулозимлар полиция ходимларини Америкадан қарор топган диний уламо Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқада гумон қилишмоқда. Туркия ҳукуматига кўра, айни қадам миллий хавфсизлик учун қўйилмоқда. Ўтган йил июл ойи Туркияда тўнтариш ҳаракатида Президент Эрдўғон айнан Фатҳуллоҳ Гуленни айбдор деб билади.