Россия жосуслик кемаси Туркия соҳилида чўкиб кетган

"Лиман" 2016 йили октябрида Босфор бўғозидан ўтаётган пайтда кўзга ташланган эди. (file image from 21 October 2016) Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Лиман" 2016 йили октябрида Босфор бўғозидан ўтаётган пайтда кўзга ташланган эди.

Туркия соҳил расмийларининг хабар қилишларича, Россиянинг жосуслик кемаси бошқа бир юк кемаси билан тўқнашиб кетгани ортидан чўкиб кетган, кеманинг барча экипаж аъзолари қутқарилган.

Россия Қора Денгиз Ҳарбий флоти таркибидаги "Лиман" кемаси тўқнашгани ҳодисасини тасдиқлаган, экипаж аъзолари кемани сув устида сақлаб қолиш учун курашаётганлари ҳақида хабар тарқатган.

Тўқнашув сабаби аниқ эмас, бироқ ўша пайтда денгизда қаттиқ туман кузатилган.

Туркия матбуоти хабарларига кўра, иккинчи кема Того байроғи остида кундалик эҳтиёж молларини ортиб кетаётган юк кемаси бўлган.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведевга телефон орқали қўнғироқ қилиб ўзининг қайғусини изҳор этган, дея Туркия бош вазири идорасидаги манбадан иқтибос келтиради Рейтер ахборот агентлиги.

Россия Ҳарбий-денгиз флоти кемалари Ўра Ер денгизи, хусусан, Сурия соҳилларига етиб олиш мақсадида Босфор бўғозидан фойдаланадилар.

Икки кема тўқнашуви Туркиянинг Қора денгиз соҳилидаги Килёс шаҳридан 29 километр узоқликда маҳаллий вақт билан 14:48 да рўй берган.

Тўқнашув оқибатида Youzarsif H юк кемасига кичик шикаст етгани хабар қилинмоқда.

Рус тилидаги kchf.ru веб-сайтига кўра, "Лиман" истиҳборот кемаси бўлган.

У 1970 йили Польшанинг Гданск шаҳридаги заводда ясалган ва 1974 йили СССР ҳарбий-денгиз флоти таркибига қўшилган.

"Лиман" Россия аннексия қилган Қримдаги Севастополь шаҳрида жойлашган ва Суриянинг Тартус бандаргоҳига ўнлаб йиллар давомида мунтазам қатнаб турган.

1999 йили "Лиман" кемаси Ўрта Ер денгизига НАТОнинг Югославияга қарши ҳарбий амалиётларини кузатиш мақсадида юборилгани халқаро оммавий ахборот воситаларининг эътиборини жалб қилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ