Лондондаги рейдда бир қиз яраланган

Hibs

Лондон полицияси пайшанба куни терроризмда гумон қилинган шахсларнинг уйига уюштирган рейд пайти 20 яшар қизни отиб жароҳатлаган.

Шу куни Британия парламенти яқинида рюкзагида бир неча пичоқ бўлган шахс ҳибсга олинган, бироқ полиция ушбу икки ҳодисанинг бир-бирига алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот тарқатган.

27 апрель кечга яқин Лондон шимоли-ғарбидаги Харлесден роуд кўчасидаги хонадонга ва Кент графлигида рейдлар уюштирилган.

Аксилтеррор амалиёти натижасида беш киши ҳибсга олинган.

Хабар қилинишича, Харлесден роуд кўчасидаги уйга полиция рейди пайти ёши 20 да бўлган қиз ўқотар қуролдан яраланган.

Гувоҳлар беш марта ўқ отилгани овозини эшитганларини айтганлар.

Скотленд-ярд хабар беришича, «Тез ёрдам» чақирилган ва ярадор қиз шифохонага ётқизилган.

Унинг аҳволи оғир, лекин барқарор деб баҳоланмоқда.

Харлесден роуддаги уйда икки эркак ва бир қиз ҳам қўлга олингани, эркакларнинг бири 20, иккинчисининг 16 ёшда экани, қиз эса 20 ёшда экани хабар қилинмоқда.

Ушбу амалиёт доирасида Кент графлигида ҳам 43 ёшли аёл ҳибс қилинган.

Қўлга олинган тўрт шахснинг исми-шарифлари ва қайси миллатга мансуб эканликлари ҳозирча хабар қилинмаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Полиция Вестминстер яқинида пичоқлар билан қўлга олинган шахс ва Уиллесдендаги ҳибсларнинг ўзаро бир-бирига боғлиқлиги йўқлигини хабар қилган.

Уларнинг террорчилик хуружига гижгижлаш ва тайёргарлик кўришда гумон қилинаётганлари ва Лондон жанубидаги полиция идорасида ушлаб турилганлари айтилмоқда.

Скотленд-ярдга кўра, Харлесден роуд кўчасидаги уй ва у ерда ҳибсга олинган шахслар маълум бир вақтдан буён терроризмга қарши кураш идораси кузатуви остида бўлган.

Полиция Вестминстер яқинида пичоқлар билан қўлга олинган шахс ва Уиллесдендаги ҳибсларнинг ўзаро бир-бирига боғлиқлиги йўқлигини хабар қилган.

Шу йилнинг 22 март куни Британия фуқароси Холид Маъсуд деб хабар қилинган шахс автомобилини Вестминстер кўпригида пиёдалар устига ҳайдаган, сўнг автомобилини Британия парламенти панжарасига бориб урган.

Кўприкда тўрт инсон ҳалок бўлган ва кўп кишилар жароҳатланган.

Пичоқ билан қуролланган ҳужумчи парламент биноси томон югурган, аммо полиция унинг йўлини тўсишга уринган.

Қуролланмаган полиция зобити Кийт Палмер пичоқланган ва ўлдирилган.

Қуролли полициячилар парламентга киришга уринган ҳужумчини отиб ўлдирганлар.

Ушбу ҳужум ортидан Лондон ва Бирмингэмда уч аёл ва беш эркак ҳибсга олинган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг