Германияда ниқоб ва паранжи қисман тақиқланди

Юзини ниқоб билан тўсиб олган муслима Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Германия парламенти Бундестаг давлат идоралари ходималарига юзини тўлиқ ёпадиган ниқоб ёки паранжидан фойдаланишни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Бундан кейин Германияда давлат идораларида ишлайдиган хизматчилар, ҳакамлар ва ҳарбийларнинг ўз хизмат жойида ниқоб ёки паранжи билан юзларини ёпишлари маън этилади.

Германиядаги ўнг қанот партиялар мамлакат ҳудудидаги жамоат жойларида худди Франция ва бошқа Европа мамлакатларидек ниқоб ва паранжини тўла тақиқлаш талабини илгари сурган эдилар, бироқ тақиқни қисман жорий этишга қарор қилинган.

2011 йили Франция муслима аёлларнинг паранжи ва ниқоб билан жамоат жойларида юришларини маън қилган Европанинг биринчи мамлакати бўлган эди.

2016 йили худди шундай тақиқ Швейцарияда жорий қилинди.

2017 йили январида Австриядаги қудратдаги коалиция Францияникига ўхшаш қонун лойиҳасини тақдим этди.

Яқинда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам мамлакатда аёлларнинг жамоат жойларида юзларини тўлиқ ёпадиган қора ниқобда юришларини тақиқлаш лозимлигини айтиб чиқди.

Президент Назарбоев эркакларнинг узун соқол қўйиб, калта шим кийишини ҳам тақиқлашга чақирган.

"Маърифатсизлик натижасида ёшларимиз узун соқол қўйиб, шимларининг почасини қирқиб олаяпти. Ўзини тўла қора кийимга буркаб юрадиган қозоғистонлик қизлар кўпаймоқда. Бу бизнинг анъаналаримизга ҳам, халқимизнинг ҳаёт тарзига ҳам тўғри келмайди. Бу нарсаларни қонунчилик даражасида тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш керак", - деб айтган Президент Назарбоев Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбарияти билан учрашув пайтида.

Президент Назарбоев айтишича, қозоқлар фақат "мотам пайтида қора киядилар".

Назарбоев аёлларнинг қора кийинишига қарши чиқди

2016 йил декабрида Германия Канцлери Ангела Меркел ниқоб ва паранжини тақиқлаш таклифини қўллаб-қувватлаган эди.

"Насроний-демократик иттифоқ" партиясининг қурултойидаги маърузаси пайти Меркел хоним ҳуқуқий нуқтаи назардан қаерда тақиқлаш мумкин бўлса, муслималар кийимини маън этиш тарафдори эканини айтган эди.

"Бу бизники эмас, бизда юзини ёки танасини тўла ёпадиган кийим кийиш урф эмас", деб айтган Ангела Меркел.

Германияда одамлар ўртасидаги мулоқот пайти ўз юзини намойиш этиш қабул қилинган, деган Меркел хоним.

Бундан олдин Канцлер Ангела Меркел муслима аёлнинг танасини буткул ёпадиган кийим кийиб юришларини мусулмон мамлакатлардан Германияга бориб ўрнашган муҳожирларнинг жамиятга интеграциялашмаётганларининг белгиси дея таърифлаган эди.

Ниқоб тақиқи ҳақидаги қонун қабул қилингани муносабати билан гапирган Германия Ички ишлар вазири Томас де Мезьер, бу интеграция талаби деб айтган.

"Интеграция, бошқа нарсалар қатори, шуни назарда тутадики, биз ўз қадриятларимизни аниқ намойиш этишимиз ва сингдиришимиз лозим, шу билан бирга бизнинг бошқа маданиятларга нисбатан сабр-тоқатимиз чегараси қаергача эканини кўрсатиб қўйишимиз лозим, деб айтган жаноб де Мезьер.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ