Аёл уламолар фатвоси: қизларни эрта турмушга берманг!

Индонезия Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC INDONESIA
Image caption Индонезиядаги анжуманда дунёнинг қатор мусулмон мамлакатларидан аёл уламолар иштирок этганлар.

Аёл уламолар конгресси 18 ёшга тўлмаган қизларни турмушга узатишни тақиқлаш тўғрисида фатво чиқарган.

Индонезиянинг Чиребон шаҳрида қатор мусулмон мамлакатлардаги имом аёлларнинг уч кунлик анжумани бўлиб ўтган.

Анжуман якунида иштирокчилар Индонезия ҳукуматига мурожаат билан чиққанлар ва қизларнинг турмушга чиқиш ёшини 16 дан 18 га кўтаришни сўраганлар.

Уламо аёллар эрта турмуш қуриш индонезиялик қизларнинг таълим олишни давом эттиришларига халақит қилаяпти, деб ишонадилар.

Мамлакатда никоҳларнинг ярми ажралиш билан тугаётган экан.

Фатво - нуфузли Ислом уламоларининг муайян масала бўйича чиқарадиган исломий ҳуқуққа асосланган қарори ҳисобланади.

Фатво юридик кучга эга бўлмаса-да, тақводор мусулмонларга унга амал қиладилар.

Одатда Индонезияда ҳам фатвони диний уламолар кенгаши чиқаради.

Аёл уламолар конгрессида жинсий тегажоғлик ва атроф-муҳитга зарар етказишга қарши ҳам фатволар чиқарилган.

Индонезия - дунёдаги аҳолисининг аксар қисми Исломга эътиқод қиладиган мамлакат ҳисобланади.

2015 йили Индонезия аҳолисининг сони 257 миллиондан ортиқни ташкил қилган.

2010 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш пайти ҳар 10 кишидан 9 нафари ўзининг мусулмон эканини маълум қилган.

Шунингдек, вояга етмаган қизларни турмушга узатиш сони бўйича ҳам Индонезия дунёдаги етакчилардан ҳисобланади.

ЮНИСЕФ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги ҳар тўрт аёлдан биттаси ҳали 18 ёшга тўлмасдан туриб оила қурган.

Чиребондаги анжуман дунё мусулмон имомларининг илк йирик йиғилиши бўлган.

Ислом аёл кишига диний олима бўлишни тақиқламайди, бироқ аксар мазҳабларда аёлнинг масжид имоми бўлишига рухсат этилмайди.

ЮНЕСКО ҳисоб-китобларига кўра, Индонезияда аёлларнинг саводхонлиги 90 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Бу аҳолисининг аксарини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

2001 йилдан 2004 йилгача Индонезия тарихида илк бор президентлик лавозимини аёл киши - Мегавати Сукарнопутри эгаллади.

У мустақил Индонезияга асос солган биринчи президент Сукарнонинг қизидир.

Индонезия қонунлари бўйича парламент сайловига илгари сурилган номзодларнинг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг