Австрия Президенти ҳаммага ҳижоб ўратмоқчи

полиция

Австрия Президенти таҳдидли Исломофобия давом этаверса мусулмон аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида барча аёлларни ҳижоб ўрашга чақиришга тўғри келишини айтган. Александр Ван дер Беллен қандай кийинишни танлаш ҳар бир аёлнинг шахсий ҳуқуқи эканлигини таъкидлаган.

Сўл қарашли Яшиллар партияси собиқ етакчиси Ван дер Беллен шу йилнинг январ ойида сайловларда ғалаба қозониб ҳукумат тепасига келган. У мактаб ўқувчилари билан учрашувда аёлларнинг кийиниши борасида ҳам тўхтаталиб ўтган.

Учрашувда бир ўқувчи қиз ҳижоб ва бурқаларни тақиқлаш аёлларнинг бирор нарсага эришишидан кўра, уйдан чиқмаслигига сабаб бўлиши ва меҳнат бозорига таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасида фикр билдириб, Президент муносабатини сўраган.

"Қандай кийинишни ҳал қилиш ҳар бир аёлнинг шахсий ҳуқуқидир. Фақат мусулмон аёллар эмас, бошқа аёллар ҳам ҳижоб ўраши мумкин. Агар ҳозир бўлаётган таҳдидли Исломофобия давом этаверса, биз барча аёллардан диний эътиқоди сабаб ўраниб юрадиган аёлларга ҳамфикрликни кўрсатиш учун ҳижоб ўрашни сўрайдиган кун келиши мумкин", - деган у.

Президент бу гапларни март ойида гапирган, аммо Германияда бурқага қўйилган қисман тақиқлар ортидан юзага келган теле-дебат вақти Австрия телевидениеси орқали шу кунларда намойиш қилинган.

Германия парламенти Бундестаг давлат идоралари ходималарига юзини тўлиқ ёпадиган ниқоб ёки паранжидан фойдаланишни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Бундан кейин Германияда давлат идораларида ишлайдиган хизматчилар, ҳакамлар ва ҳарбийларнинг ўз хизмат жойида ниқоб ёки паранжи билан юзларини ёпишлари ман этилади.

Олдинроқ Британиянинг UKIP партияси ўзининг сайлов олди дастурига мамлакатдаги мусулмон аёллларга бурқани тақиқлашни асосий масала сифатида киритганини маълум қилган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ