Трамп чиқишида ҳавога Россия байроқлари улоқтирилди

Трампнинг айрим мухлислари Россия байроқлари билан келган Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Трампнинг айрим мухлислари Россия байроқлари билан келган

Дональд Трампнинг Харрисбургдаги нутқи давомида номаълум кимса камера ўнгида бир даста Россия байроғини улоқтирди. АҚШ Президенти бу маҳал лавозимни эгаллаганига 100 кунини нишонлашг мақсадида тарафдорлари билан учрашаётган эди.

Трамп "Американи қайтадан буюк қилиш учун курашимизни энди бошлаяпмиз", деган гапларни айтган вақти оломон ичидан кимдир Россия байроқларини ҳавога отган.

MSNBC журналисти Стив Копак байроқларнинг камерага тушиб қолганига эътибор қаратган. У ушбу тасвирларни Twitter га жойлади ва "Трамп нутқ қилаётганда кимдир камералар кўз ўнгида ҳавога Россия байроқларини улоқтирди", деб ёзди.

Трамп сайловолди кампанияси даврида Россия билан алоқаларни тиклаши ҳақида сўз берган эди.

2015 йилнинг 14 август куни у Президентликка номзод сифатида "Ўйлашимча, Путин билан яхши чиқишамиз", деган. Россия Президенти бунга жавобан Трампни истеъдодли ва ёрқин шахс деб атаганди.

Кремлпараст сиёсатчилар, депутат ва сенаторлар ҳам Трампни мақтаган ҳамда унга катта умид билдирган эди.

Бироқ Трамп ҳокимиятга келиши билан Россия ва АҚШ муносабатлари ёмонлашишда давом этди. 7 апрел куни эса АҚШ Суриянинг Идлибдаги Шайрат ҳаво базасига "Томагавк" русумли 59 та қанотли ракета билан бомбалади. Вашингтон Асад режимини кимёвий қурол ишлатишда айблади.

Шундан сўнг Путин Трамп келганидан сўнг Москва ва Вашингтон ўртасида ишонч даражаси Барак Обама давридагидан ҳам тушиб кетганини маълум қилди.

Пенсилванияда чиқиш қилган Трамп Россияни Обама даврида имзоланган халқаро келишувларни танқид қилаётган вақтда тилга олиб ўтди.

"Ҳукуматимиз АҚШ тўлайдиган ва зарар кўрадиган, юошқа давлатлар фоойда кўрадиган халқаро шартномаларни тузишга интилди. Бунга Иқлим бўйича бир томонлама Париж битимини ҳам мисол қилиш мумкин. АҚШ миллиардлаб доллар тўлади, Хитой, Россия ва Ҳиндистон ҳеч қандай улуш қўшишмади ва қўшишмаяпти ҳам", - деган у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг