Россия мухолифат лидери кўр бўлиб қолиши мумкин

Алексей Навальный Фото муаллифлик ҳуқуқи TWITTER/KIRA_YARMYSH

Россия мухолифат етакчиси Алексей Навалний 27 апрел кунги зелёнка (кўкдори) суюқлиги билан ҳужумдан сўнг ўнг кўзи кўриш қобилиятини бутунлай йўқотиши мумкинлигини айтган. Унинг ўз блогида ёзишича, ҳозирча муолажалар бирор натижа бермаган. Зелёнкага бошқа заҳарли модда қўшилган бўлиши ҳам мумкин.

Унинг айтишича, номаълум шахс томонидан ҳужумдан сўнг кимёвий куйиш деб қўйилган ташхис ҳануз ўз таъсирини йўқотмаган. Бу зелёнкага яна қандайдир заҳарли модда ҳам қўшилганидан дарак бериши мумкин.

Номаълум эркак 27 апрель куни Москвада бўлган анжумандаги чиқишдан сўнг, ҳеч нарса демасдан мухолифат етакчисига зелёнка сепади. Бу Навалнийга нисбатан иккинчи шу каби ҳужум эди.

Биринчи марта унга 20 март куни Барнаулда зелёнка сепишган эди. Сўнгги ойларда унга нисбатан бир неча бор бошқа ҳужумлар ҳам бўлган.

"Барнаулда кўзимнинг ичига резина груша билан зелёнка сепишганди. Кўзим жуда ҳам ачишиб, ёнган эди. Аммо 10 дақиқадан сўнг кўриш қобилиятим тикланганди, кўзларим ишмаганди, кўзимнинг оқи қизармаганди", - дейди Навалний.

Москва полициясининг маълум қилишича, Навалнийнинг 27 апрелда берган аризасига биноан текширув ўтказилган. Жабрланувчининг айтишича, бу текширув ҳеч қандай натижа бермаган.

"Албатта, ҳеч қанақанги суриштирув бўлмайди. Ҳалигача жиноий иш очишгани йўқ. Аризани дарҳол ёзганимга қарамасдан, мени ҳеч ким сўроққа ҳам чақирмади", - деб ёзди у.

Сиёсатчи ҳужумни ташкиллаштиришда Президент маъмуриятини айблади.

"Ҳа, стаканларга зелёнка солиб олиб турли НОДчилар (Миллий-озодлик ҳаракати) юришади. Уларда менинг ҳаракатларим, меҳмонхоналар, чипталар ва учиб-қўнишларим ҳақида ҳар доим маълумот бўлади. Базадаги маълумотлар ва ташқи кузатув орқали олинадиган маълумотлар билан уларни махсус хизматлар таъминлаши тушунарли", - деб ёзган Навалний.

Кремл мухолифат лидерининг гапларига изоҳ бергани йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг