Оломон икки мусулмонни калтаклаб ўлдирган

Ҳиндулар сигирларни муқаддас деб биладилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳиндулар сигирларни муқаддас деб биладилар

Ҳиндистон шимоли-шарқидаги Ассам штатида бир қишлоқ яшовчилари икки мусулмонни қувиб, калтаклаб ўлдирганлар.

Полиция хабар қилишича, қишлоқ аҳли, "икки мусулмон далада ўтлаб юрган сигирни ўғирлашга ҳаракат қилди", деб айтган.

Ҳодиса 30 апрель куни Ассам штатидаги Нагаон туманида рўй берган.

Полиция зўравонлик қурбонларининг исми-шарифи Абу Ҳанифа ва Риёзиддин Али бўлганларини хабар берган.

"Уларнинг орқаларидан қишлоқ одамлари қувиб борганлар, бу одамларнинг айтишларича, ўтлаб юрган сигирни ўғирламоқчи бўлганлари учун тўқмоқлар билан калтаклаганлар. Биз тунда уларни шифохонага олиб бордик, олган жароҳатлари туфайли оламдан ўтдилар", деб айтган Ассам полицияси вакили.

Ушбу ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Полиция икки киши қўлга олиниб сўроқ қилинаётганини маълум қилган.

Ҳиндулар сигирларни муқаддас деб биладилар ва мамлакатнинг бир неча штатида сигир сўйиш қонунга зид ҳисобланади.

Ушбу зўравонлик Ҳиндистонда сигирлар туфайли авж олган динлараро низода инсонлар умрига зомин бўлган ҳужумларнинг охиргиси бўлган.

27 апрелда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Human Rights Watch ташкилоти Ҳиндистондаги сигир билан боғлиқ зўравонликлар ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Халқаро ташкилотнинг ўз ҳисоботида билдиришича, ушбу жанжаллар боис 2015 йил майидан буён камида 10 мусулмон ўлдирилган.

Human Rights Watch ташкилоти Бхаратия Жаната партияси - BJP қудратга келганидан буён Ҳиндистонда ирқий, миллий тоқатсизлик кучайганини қайд этади.

Ҳинду миллатчиларининг BJP партияси федерал ҳукуматни тузган 2014 йилдан буён мамлакатда мусулмонлар ва Далитлар(собиқ тегиниб бўлмас паст табақа вакиллари деб кўрилган инсонлар)га нисбатан ҳужумлар кўпайган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Огоҳлик гуруҳлари мунтазам равишда автомобилларни текширадилар, мол савдогарларини калтаклайдилар.

Кўпинча бундай ҳужумларга мусулмонлар ёки Далитлар сигир гўштини сўйди, сотди, сотиб олди, деган миш-мишларга асосланган.

Human Rights Watch ташкилоти Ҳиндистон ҳукумати бундай зўравонликларни қоралаши ва олдини олиши лозимлигини урғулаган.

Ҳозир Ассам штатини ҳам Бхаратия Жаната партияси бошқаради.

Ҳиндистоннинг кўплаб ҳудудларида Ҳиндуларнинг сигирларни асраш тунги огоҳлик қўриқчи гуруҳлари ташкил этилган.

Бундай гуруҳ аъзолари томонидан ўлдирилган қурбонлар орасида 12 яшар ўғил бола ҳам бўлган.

Охирги ойларда кўпгина штатларда сигирни сўйиш тақиқланган қонунлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, март ойида Гужарат штатида сигирни сўйган кишини бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этишга изн берадиган қонун маъқулланди.

Огоҳлик гуруҳлари мунтазам равишда автомобилларни текширадилар, мол савдогарларини калтаклайдилар.

Ўтган йили Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бундай посбонлар фаолиятини танқид қилган, бу одамлар "мени ғазаблантирди" деб айтганди.

Бироқ бош вазирнинг бу сўзлари мол савдогарларини ҳужумлардан асраб қололгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.