КХДР: Корея ярим ороли ядровий уруш ёқасида

B-1B Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Товушдан тез учувчи B-1B бомбардимончиларини ядро бомбаси билан жиҳозлаш мумкин

Шимолий Корея раҳбариятининг айтишича, икки Америка бомбардимончи учоғи B-1B Lancerнинг Жанубий Корея билан амалиётларда иштирок этиши Корея ярим оролини ядро уруши чегарасига олиб келди. Бу орада АҚШнинг THAAD ракетага қарши мудофаа тизимини ўрнатиш ишлари якунланган, у энди КХДР ракеталарини уриб тушириши мумкин.

"Ўйланмасдан қилинаётган ҳарбий провокация Корея ярим оролидаги вазиятни ядро уруши ёқасига олиб келмоқда", - дейилади Корея марказий телеграф агентлиги тарқатган хабарда.

Пхенян баёнотида айтилишича, бомбардимончи учоқлар йирик объектларга ядро бомбасини ташлашни машқ қилган бир вақтда, АҚШ Президенти Дональд Трамп "бошқа Америка қирғийлари билан КХДРга огоҳлантирувчи ядровий зарба беришни талаб қилмоқда".

Трамп олдинроқ Корея ярим оролида вазият ҳар қандай тарзда ривожланиши мумкинлигини айтганди, бироқ у огоҳлантирувчи зарбалар ҳақида гапирмаган.

Сешанба куни Корея ярим оролида Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги машғулотларда иштирок этиш учун Американинг икки B-1B Lancer бомбардимончи учоғи пайдо бўлгани маълум бўлди.

Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги бомбардимончи учоқларни жойлаштиришни Шимолий Корея томонидан бўлаётган провакацияларни тийиб туриш ва КХДР томонидан яратилаётган ядровий ва ракета дастурлардан ҳоосил бўлаётган таҳдидга тайёр туриш билан изоҳлаган.

Товушдан тез учувчи B-1B Lancer бомбардимончи учоқларини ядро бомбаси билан жиҳоҳлаш мумкин.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги бомбардимончи учоқлар Гуам оролидаги Андерсен Америка ҳаво базасидан Жанубий Корея ва Япония ҳарбий-ҳаво кучлари билан биргаликда машғулотлар ўтказиш учун учиб кетганини билдирган.

Машғулотларда ундан ташқари Жанубий Кореянинг F-35 қирувчи учоқлари ва минтақага яқинда етиб борган "Карл Винсон" авиаташувчиси палубасидаги авиация иштирок этган.

Сешанба куни Жанубий Кореяда АҚШнинг THAAD ракетага қарши мудофаа тизимини ўрнатиш ишлари якунлангани ҳам маълум бўлган. У урушга шай ҳолга келтирилган, исталган вақт КХДР ракеталарини уриб тушириши мумкин.

АҚШ минтақада ҳарбий ҳозирлигини кучайтираркан, Вашингтон ва Пхенян бир-бирига таҳдид қилишда давом этмоқда. Шунга қарамасдан АҚШ Президенти Доналд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашиш унга шараф бўлишини айтган.

"Агар у билан учрашиш имкони бўлса, мен буни албатта қилган бўлардим. Бу менга шарафдир", - деган у Блумберг агентлиги билан интервьюда.

Кейинчалик Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер Трампнинг сўзларига изоҳ берди. Унга кўра, бундай учрашув имконсиз. Музокаралар фақатгина Шимолий Корея ядровий таҳдиддан воз кечсагина ўтказилиши мумкин.

Ўтган шанба куни Шимолий Корея Пхеняндан шимолроқда баллистик ракеталарнинг навбатдаги синовини амалга оширди. Жанубий Корея синов мувафаққиятли чиқмаганини ва ракеталар КХДР ҳудудида портлаганини айтди.

Сўнгги вақтларда АҚШ, Ғарб давлатлари ва Хитой Тинч океани Осиё минтақасида ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда. Шанба куни Япониянинг жанубий-шарқига АҚШ ва Британия кемалари билан ҳарбий манёвлар ўтказиш учун Француз десант кемаси кириб келган.

Яқинда Япония мудофаа денгиз кучларидаги энг йирик ҳарбий кема Америка таъминот кемасини ҳимоя қилиши маълум бўлди. Бу Япония ҳарбийларининг мамлакатда қуролли кучлар тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартириш киритганидан сўнг илк амалиётидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ