Эрон сайловлари нима учун муҳим?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳадемай сайлов

19 май куни Эронда президентлик сайлови бўлиб ўтади.

Жорий президент Ҳасан Руҳоний ўз лавозимида иккинчи муддатга қолиш учун курашиши керак бўлади.

Бу галги сайловлар ҳам Исломий республиканинг келажаги учун муҳим экани айтилмоқда.

Хўп, нима учун Ўзбекистон, минтақа ва дунё учун Эрондаги сайловлар муҳим?

Аввалига Эроннинг Яқин Шарқдаги йирик ўйинчи эканини ёдга олиш керак.

Мамлакатнинг ядро дастури бор ва Ироқ ҳамда Суриядаги шиялар бошчилигидаги ҳукуматни дастаклаб келади.

Дунёдаги қудратли давлатлар Эронни минтақадаги муаммонинг бир қисми ва шу муаммонинг ечими ҳам деб эътироф этишади.

Буларнинг барига Эронда қудратга ким келиши таъсир қилади.

Ҳозирда Эрон сиёсатида қудрат талашиш икки куч - ислоҳотпарварлар ва консерваторлар ўртасида кечмоқда.

Бошқа томондан сайлов натижаси ва ким президент бўлиши катта бир эврилишларга сабаб бўлиши мушкул.

Чунки асосий қудрат мамлакатнинг ҳақиқий "эгаси" Оятуллоҳ Али Хоманейи дастидадир.

Аммо шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ҳозирги президент Роҳаний мўътадил ва ё ислоҳотчи сиёсатчи деб кўрилади, айнан у Олий руҳоний Хоманейини тарихий саналган ядро дастури келишувига кўндирган эди.

Роҳаний қудратдаги эстеблишментга яқин сиёсатчидир.

Атомни тўйинтириш дастуридан фарқли ўлароқ, Эроннинг Сурия ҳукуматини тўла қўллаб-қувватлаётгани мубоҳасалар марказига чиқмайдиган мавзудир. Сайлов жараёни ва ундан кейин ҳам айни ҳолат ўзгариши ҳақиқатдан узоқдир.

Эроннинг анъанавий душмани саналган АҚШ билан муносабатлар яхшиланадими? Бунга ҳам умид қилишга ҳали эрта...

Сиёсий ислоҳотларнинг ҳам ҳали-бери дараги чиқмайди, чунки қудрат консерваторларнинг қўлида қолмоқда.

Шунинг учун ҳам Эрондаги инсон ҳуқуқлари, сўз ва ё матбуот эркинлиги масаласида тараққиётни кутишдан маъни йўқ.

________________________________________

Эрон- сиёсий тузумлар аралашмаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрон атом дастури тинчликка хизмат қиладими?

Эрон ҳақида сўз кетса, аксариятнинг хаёлига диний бир тузум келади.

Аслида эса Эрон турфа сиёсий тузумлар мажмуидир.

Улар орасида парламентар демократия ҳам бор.

Парламентда икки йирик сиёсий блок мавжуд, аммо ҳақиқий қудрат барибир консерваторлар қўлидадир.

Улар ўзларини бетараф қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар, гарчанд бунга ишонадиганлар кўп эмас.

Айнан шу қудратдаги гуруҳ аслида сиёсий ва ижтимоий қудратнинг қанчаси каму, қанчаси кўп бўлиши борасида қарор беради.

Эрондаги қудрат соҳиблари ёки сайланишади ва ё Оятуллоҳ томонидан тайинланади.

Аммо барча тайинлашлар консерватив гуруҳлар ихтиёридадир.

Жорий президент Роҳанийнинг асосий рақиби анъанадор Иброҳим Раисийдир.

Уни гарчанд таниқли бўлмаса-да, диний ва адлия тизимида кучли сиёсатчидир.

Яна бир анъанадор рақиб Теҳрон ҳокими, таниқли Муҳаммад Боқир Қалибаф.

Қолган уч нафар номзодлар анчайин кучсиз деб кўрилади.

________________________________________

Озод ва эркин сайловда ҳам...чегара бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Номзодлар

Номзодларга расман рухсат берилганидан кейин барча учун матбуот эшиклари тенг очилади.

Аммо муаммо шундаки, ҳеч ким Қўриқчилар Кенгашининг рухсатисиз қадам қўя олмайди.

Қизиғи, Қўриқчилар Кенгаши аъзолари сайланмаган ва барчаси анъанадорлардир.

Ҳар ким ўз номзодини рўйхатга олдириши мумкин, аммо фақат танланган номларгагина сайлов пойгасига кириш рухсати берилади.

Аммо пойга бошланиши билан...ишонсангиз, Эрон сайловлари эркин ва адолатли кечади, одатда.

Яна бир томони шуки, айнан сайлов давомида қудратдаги кучлар ижтимоий тармоқлар, масалан, Телеграмга кўпроқ тоқат қилишади.

Бутун бир давлат тоқатли бўлиб қолади десак янглишмаймиз, мақсад сайловга имкон қадар кўпроқ эронликларни чиқариб билиш.

Эрон тарихида сайловларга сайловчилар қатнашиши энг озида 51 фоиз бўлган, энг кўпи эса 85 фоизни ташкил этган.

Аёл киши президент эмас, аммо аёллар сиёсатда ўта фаол

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Аёл киши президент эмас, аммо аёллар сиёсатда ўта фаол

Эронда аёл вазирлар, президент ўринбосарлари, депутатлар ва маҳаллий кенгаш аъзолари талайгина.

Аммо Эрон тарихида аёл киши президент бўлгани йўқ.

Қонунда аёлларнинг президентликка номзодини қўйишга очиқ бир шаклда тақиқ йўқ.

Аммо Қўриқчилар Кенгаши ҳеч қачон бунга йўл қўймаган.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича муаммолар талайгина, аммо Ғарб давлатлари ўйлагани каби уларнинг аҳволи абгор эмас.

Хотин-қизларни рўмол ўраб юришларига доир қоида аксарият ҳуқуқ фаолларини ҳамон даҳшатга солади.

Аёлларнинг асл муаммолари, масалан, ҳомилани сунъий олдириш, оиладаги зўравонлик, мерос ва бошқа масалаларда тенгсизлик ҳеч қачон сайловолди ташвиқот, тарғибот марказига чиқмаган.

Шунда ҳам аёллар масалаларига очиқча кўз юмадиган номзод президентлик ва ё бошқа лавозимга сайланишдан умидини узса бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар