Телебаҳсда Макроннинг қўли баланд келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Француз экспертлари, газеталар ва кузатувчилар марказчи-либерал Макроннинг жавоблари ишонарли чиққани ҳақида бонг уришди

Франция президентлик сайлови номзодлари - Эммануэль Макрон ва ўта ўнгчи, "Миллий фронт" етакчиси Марин Ли Пен билан сўнгги телебаҳсда учрашишган.

Номзодлар террорчилик, иқтисод ва Европа келажагига оид масалаларда икки соатдан ортиқроқ тортишишган.

Ва баҳсда сайловда ғолиб чиқиш эҳтимоли катта кўрилаётган Эммануэль Макроннинг қўли баланд келган.

Француз экспертлари, газеталар ва кузатувчилар марказчи-либерал Макроннинг жавоблари ишонарли чиққани ҳақида бонг уришган.

BFMTV телеканалига кўра, томошабинлар жуда кўп жиҳатларда Ли Пенга қараганда кўпроқ Эммануэль Макронни ёқтиришган.

Фикри сўралганларнинг 63% и Макроннинг жавоблари "асосли" бўлгани ҳақида айтишган.

Президентлик сайлови иккинчи босқичи якшанба куни бўлиб ўтади.

Ҳақоратлар

Сўровларда Эммануэль Макрон томон соғлом ижобий фикрлар билдирилган. Аммо телебаҳс чоғи Марин Ли Пен Макроннинг Иқтисод вазири бўлган пайтини нишонга олган.

"Миллий фронт" етакчиси уни "ваҳший глобализация номзоди" дея атаган. Ли Пен хонимга кўра, Макрон тасаввуридаги Франция "ҳамма ўзаро жанжаллашадиган тижоратхона"дир.

Бунга жавобан Эммануэль Макрон Ли Пенни очиқдан - очиқ ёлғон гапирганлик, ҳеч нарса таклиф қилмай туриб, омма хавотирларини бўрттирганликда айблаган.

Ишсизлик масаласига тўхталаркан, жаноб Макрон мамлакатда ушбу муаммо ҳал этилмаганини тан олган. Ли Пен эса фурсатни қочирмай, Иқтисод вазири бўлган даврда нима учун бунга ечим топмагани ҳақида сўраган.

Шу билан бирга у Макронни радикал Исломий террорчиликка тоқат қилишда айблаган. "Хавфсизлик ва терроризм сизнинг дастурингиздан ўрин олмаган йирик масалалардир", деган Ли Пен.

Эммануэль Макрон эса, бунга жавобан, Марин Ли Пен Исломий фундаментализмни "йўқ қилиш" учун қилаётгани таклифлари - экстримистик масжидларни ёпиш, радикал ваъзхонларни мамлакатдан ҳайдаш террорчиларга қўл келиши ҳақида гапирган.

Номзодлар Европа Иттифоқи келажаги масаласида ҳам тўқнашишган.

Марин Ли Пен ЕИ аъзолигига оид референдум чақиришини билдирган, яқинда евро пул бирлигининг куни битгани ҳақида бонг урганди. У Франция миллий пул бирлигини тиклаши мумкинлигини айтган.

Эммануэль Макрон эса таклифларни "бемаъни" деб таърифлаган.

Телебаҳс давомида Ли Пен хоним Макронни тўхтовсиз ҳақоратлаган, унга қарши турли айбловлар ёғдирган.

Эммануэль Макрон эса унинг асос масалалар, айниқса, иқтисод ва евро пул бирлиги борасидаги заиф қарашларини фош қила билган.

Телебаҳс унинг якшанба кунги сайловда ғолиб чиқиш эҳтимолини оширишга хизмат қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02