Россия савдо чекловларини бекор қилди

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Россия Президенти Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркия Россия ҳарбий учоғини уриб туширганидан кейин Туркияга нисбатан жорий этилган деярли барча чекловлар олиб ташланди, деб айтган Президент Владимир Путин.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Россия Президенти Владимир Путин 3 май куни Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида музокаралар ўтказганлар.

Президент Путин ва Президент Эрдўғон матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарганлар.

"Сиз бундан олдинроқ чекловларни олиб ташлаш ҳақида қачон гапиришимиз мумкин деган саволни берган эдингиз. Бугун гапиришимиз мумкин", деб айтган Россия Президенти.

"Биз чекловларга боғлиқ ҳамма муаммоларни ҳар тарафлама ҳал этишга келишиб олдик", деган жаноб Путин.

Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар 2015 йил ноябрида Сурия-Туркия чегарасида Россия қирувчи учоғи уриб туширилгани сабабли ёмонлашган эди.

Бу ҳодисани Россия Президенти Владимир Путин "орқага урилган пичоқ" деб таърифлаган эди.

2015 йил охиридан Россия Туркияга нисбатан қатор жазо чораларини жорий этди.

Хусусан, Туркияда етиштирилган мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотларини Россияга олиб кириш тақиқланди.

Россиядан Туркияга самолётларнинг чартер парвозлари бекор қилинди.

Туркия фуқароларига виза тартиби яна қайтадан жорий этилиб, Туркия соҳилларидаги дам олиш масканларига россиялик сайёҳларнинг боришлари тақиқланди.

3 май куни Президент Путин Туркия помидорларини Россияга олиб кириш тақиқи ва Туркия фуқароларига виза талаби ҳозирча кучда қолишини маълум қилди.

Бу чекловлар қачон олиб ташланишини айтмаган Россия раҳбари.

Президент Путин айтишича, россиялик деҳқонлар Туркия маҳсулотларига чекловлар киритилганидан кейин қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун банклардан йирик кредитлар олганлар ва ҳукумат ўз деҳқонларининг касодга учрашини хоҳламайди.

"Мана энди биз аниқлик билан Россия-Туркия алоқаларини қайта тиклаш даври тугагани ҳақида гапиришимиз мумкин. Биз нормал шериклик ҳамкорлигига қайтмоқдамиз", деган жаноб Путин.

Ўтган йили Президент Путин Россия ҳукуматига Туркия билан муносабатларни яхшилаш чораларини кўришга фармон берган эди.

Сочидаги музокаралар пайти Туркияда "Аққую"АЭСини барпо этиш ва Суриядаги вазият ҳам муҳокама этилгани хабар қилинмоқда.

Президент Путин айтишича, Россия АЭС қурилишига 22 миллиард доллар сармоя киритади.

"Аққую" АЭСини 2017 йил ёзида қуришни бошлаш ва икки йил давомида фойдаланишга топшириш режалаштирилгани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ