Мисрлик хаттот Гиннес китобига кирмоқчи

Саъд Муҳаммад Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мактабни ташлаб, саводини ўзи чиқарган Саъд Муҳаммад "яратган" Қуръон 700 метр қоғоз ўрамидан жой олган.

Унинг бунча ўрам қоғозга Қуръон сураларини битиши учун нақ уч йил керак бўлган.

Мавзуга оид видеолавҳамизни ҳам назардан қочирманг.

Саъд Муҳаммаднинг умид қилишича, ўзигача ҳеч ким бунча катта Қуръон нусхасини яратишга муваффақ бўлмаган ва у ўз ижоди маҳсулини энди Гиннеснинг рекордлар китобига киритмоқчи.

Гиннес рекордлар қўмитасига кўра, шу пайтгача босма шаклдаги энг йирик Қуръонни ўз рекордлари рўйхатига киритиб бўлишган.

Аммо қўлда, хаттотона қўлда битилган энг катта нусхасига гувоҳ бўлишмаган.

Саъд Муҳаммад бутун хаттотлик санъатини ишга солиб "яратган" Қуръонини метал ғилдирак ўрнатилган улкан ёғоч қутига жойлаштирган.

Унинг айтишича, 700 метрлик Қуръон нусхасини яратиш учун озмунча қоғоз кетмаган.

Аммо, агар, сўзларига ишонилса, ўртаҳол яшашига қарамай, ўтган уч йил давомида бунинг учун лозим бўлган барча сарф-харажатларни фақат ўзи кўтарган.

Бойлиги ёки бошқа мол-мулки йўқлигига қарамай, якка ўзи бу ишнинг уддасидан чиқа олган.

Аён бўлишича, Муҳаммад Саъднинг, ҳатто, Гиннеснинг рекордлар қўмитасига мурожаат қилиш учун лозим бўлган сарф-харажат учун ҳам пули йўқ.

Ҳозир бу хусусда Миср ҳукумати ва ёки бошқа беэътибор бўлмаган ташкилот ёки одамларнинг ҳимматларига умид қилмоқда.

Муҳаммад Саъд Миср пойтахти Қоҳира шимолидаги Белқина шаҳрида яшайди.

Унинг хаттотлик санъатидан ўз уйи ҳам бебаҳра қолмаган, шифти ва деворларига эринмай исломий нақшларни солиб чиққан, дея ёзади Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02