Жан-Клод Юнкер французча гапирди

Жан-Клод Юнкер Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Италияда нутқ сўзлаган Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер одатий инглиз тилини эмас, французчани танлаган.

Жаноб Юнкернинг сўзларига кўра, инглиз тили Европада ўз мавқесини йўқотмоқда.

"Секинлик билан, лекин аниқ инглиз тилини Европада аҳамиятини йўқотмоқда, бунинг сабабларидан бири, Франциядаги сайлов туфайли ҳам", деб айтган Жан-Клод Юнкер нега француз тилида гапиришга қарор қилганини назарда тутиб.

Жаноб Юнкернинг бу сўзлари кулгу ва чарсаклар билан қарши олинган.

"Биз британиялик дўстларимиз билан музокараларни холислик билан олиб борамиз. Лекин шуни эсдан чиқармайликки, Европа Иттифоқи Буюк Британияни ташлаб кетмаяпти, балки Буюк Британия ЕИни тарк этмоқда", деб айтган ўз нутқида Еврокомиссия раҳбари.

Ўтган ҳафтада Германия матбуоти Европа Комиссияси раҳбари ва Британия Бош вазири Тереза Мэй ўртасидаги музокаралар жуда таранг вазиятда ўтгани ҳақида ёзган эди.

Бу музокараларда "Брекзит" деб номланган Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши масаласи муҳокама этилган.

Германия матбуотига кўра, жаноб Юнкер Мэй хоним билан мулоқотдан кейин ўзининг шубҳалари "олдингига қараганда ўн баравар" ортгани ҳақида айтган.

3 май куни рўзномаларда Европа Иттифоқи Британиядан олдин муҳокама қилинганидек 60 миллиард эмас, 100 миллиард Евро талаб қилаётгани ҳақида ёздилар.

Бунга жавобан Британиянинг ЕИдан чиқиши бўйича махсус вазири Дэвид Дэвис Брюсселни "Британия халқини қўрқитиб қўйиш" ҳаракатида айблади.

Бош вазир Тереза Мэй эса Еврокомиссиянинг "Брекзит" бўйича мавқеи "янада қаттиқлашган"ини ҳақида айтди.

Мэй хоним фикрича, шу йўл билан "Брюсселдаги бюрократлар" Британиядаги парламент сайловига таъсир ўтказишга интилаяптилар.

Британияда парламент сайлови 8 июнга мўлжалланган.

Жан-Клод Юнкер люксембурглик сиёсатчи.

1995 йилдан 2013 йилгача Люксембург Бош вазири лавозимини эгаллаган.

2014 йилдан Европа Комиссияси раиси лавозимида фаолият юритиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ