"Каламушлар минглаб литр алкоголни ичиб қўйишди"

Каламушлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳиндистоннинг Биҳар штати полициячилари сўзларига кўра, каламушлар бир неча минг литр мусодара қилинган алкогол ичимликларини ичиб йўқ қилганлар.

2016 йилнинг апрелидан Биҳар штатида спиртли ичимликларни сотиш ва истеъмол қилишни тақиқлаш ҳақидаги қонун кучга кирган.

Ўтган бир йил давомида полиция 900 000 литрдан зиёд ноқонуний алкогол ичимликларини фуқаролардан тортиб олган.

Мусодара қилинган ичимликлар сақланган жойга кирган каламушлар алкоголнинг анча қисмини йўқ қилибди, демоқдалар полиция ходимлари.

Полиция раҳбарияти ушбу ҳодиса бўйича текшириш бошлашга буйруқ берган.

Тергов давомида неча литр спиртли ичимлик ғойиб бўлганини аниқлаштириш лозим бўлади.

Тахминан 1000 та полиция участкасига мусодара қилиб олиб қўйилган алкоголли ичимликлар қандай сақланаётгани ҳақида ҳисобот топшириш талаби қўйилган.

Энди спиртли ичимликларни полиция кийимидаги "каламушлар" ичиб қўймаганмикан, деган савол ҳам ўрганилади.

Агар тортиб олинган алкоголли ичимликларни полициячиларнинг ўзлари ичиб қўйганлари аниқланса, бундай ходимлар полиция сафларидан бўшатиладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prashant Ravi
Image caption Бир йил давомида Биҳар штатида алкоголни сақлагани ва савдо қилгани учун 40000 дан ортиқ инсон ҳибс қилинган.

Ундан кейин эса ушбу собиқ полиция ходимлари устидан маҳкама бўлади.

Судда штатнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилишни тақиқлаш қонунини бузгани учун жавобгарлик масаласи қўйилади.

Ўтган йили Биҳар штатининг асосий вазири лавозимини эгаллаган Нитиш Кумар спиртли ичимликларни ичиш ва сотишни тақиқлади.

Ўтган бир йил давомида алкоголни сақлагани ва савдо қилгани учун 40000 дан ортиқ инсон ҳибс қилинди.

Спиртли ичимликларнинг идишларини ашёвий далил сифатида полиция участкаларида сақлашга қарор қилинган.

Энди эса "каламашулар ичиб қўйгани учун" аёшвий далиллар йўқолиб қолганини айтмоқдалар полициячилар.

Биҳар штатининг аксилалкогол қонунини бузганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Шу йилнинг февралидан Биҳарда бу йўналишдаги қонунчиликни янада қаттиқлаштирдилар: бундан кейин биҳарлик ҳакамлар, давлат идоралари ходимларининг нафақат Биҳар штати, балки Ҳиндистоннинг бошқа штатларида ва ҳатто хорижда ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилишлари тақиқланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ