Сурияда хавфсиз ҳудудлар битими кучга кирди

Оташкесим эълон қилинганига қарамасдан Азазда бомбали машина портлаган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Оташкесим эълон қилинганига қарамасдан Азазда бомбали машина портлаган

6 май куни Сурияда 4 та хавфсиз ҳудуд яратиш бўйича битим кучга кирди. Ҳужжат Остонада бўлиб ўтган музокаралар давомида Россия, Эрон ва Туркия томонидан имзоланган. Хавфсиз ҳудудлар ичида ҳар қандай қурол ишлатиш ман қилинади. Унга кўра, қочқинлар тўсиқларсиз қайтарилади, инсонпаварлик ва тиббий ёрдам етказишга тўсиқ қўйилмайди.

Хавфсиз ҳудудлар бўйича келишув 6 ой муддатга тузилган.

Битимга кўра Сурия исёнчилари назорат қиладиган тўрт ҳудуд ташкил қилишни назарда тутади. Унга Идлиб вилоятининг шимолий-ғарби, унга туташ Латакия, Ҳалаб ва Ҳама туманлари киради. Бу ерда Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, исёнчиларнинг 14,5 минг жангариси бор.

Иккинчи ҳудуд, Хомс вилоятининг марказдаги бир неча туманлари. Бу ерларни 3 минг исёнкор назорат қилиши айтилади.

Яна Дамашқ яқинидаги Шарқий Гута анклави ҳамда Сурия жанубидаги Дараъ ва Кюнетра вилоятлари хафвсиз ҳудудларга киради.

Россия Президенти Владимир Путиннинг айтишича, ушбу ҳудудларда ҳарбий учоқларнинг учиши ҳам чекланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Энг катта хавфсиз ҳудуд Сурия шимолида жойлашган

Хавфсиз ҳудудлар яратиш меморандуми ёки "Деэскалация меморандуми" ; май куни Остонада уч мамлакат вакиллари иштирокида ўтган музокаралар давомида имзоланган.

Путин ушбу таклифни АҚШ Президенти Дональд Трамп билан муҳокама қилганини ва у таклифни маъқуллаганини айтган. Хавфсиз ҳуҳудлар яратиш ғоясини Саудия Арабистони ва БМТ ҳам тасдиқлаётгани айтилмоқда.

Россия Мудофаа вазири Александр Фоминнинг айтишича, ушбу ҳудудлар 1 майдан бошлаб Россия учоқлари томонидан бомбаланмаяпти. Унинг айтишича, Россия Суриянинг қаерида ИШИД кучлари бўлса уларни бомбалашда давом этади.

Хавфсиз ҳудуд чегараларига ўтиш назорат нуқталари ташкил қилинади. Назорат пунктларини кафолат берувчи давлатлар - Россия, Туркия ва Эрон давлатлари бошқаради.

Сурия мухолифат гуруҳлари ушбу келишувга ишонқирамасдан қарамоқда ва ярашувга кафолат берувчи давлатлардан бири Эрон бўлаётганига норози бўлишмоқда.

Май бошида Суриядаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга бағишланган анжуман Остонада тўртинчи марта ўтказилмоқда. Кейинги музокаралар июн ойи ўрталарида бўлиши керак. Сурия бўйича яна бир музокаралар Женевада ҳам ўтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Остонадаги музокараларни Сурия мухолифати намойишкорона тарк этган

Остонада ўтган музокараларнинг сўнггисида Сурия қуролли мухолифати унда иштирок этмаслигини билдирди.

Улар музокаралар залини тарк этишини Сурия ҳукумати томонидан мухолифат назорат қилаётган ҳудудларни бомбалаш билан изоҳлади.

Сурияда 2011 йили бошланган уруш давомида 300 минг одам ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ