Франция Ле Пен ва Макрондан бирини сайламоқда

Плакат Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Францияда иккинчи босқич Президент сайлови бошланди. Унда собиқ сармоядор банкир Эммануэль Макрон ва ўта ўнгчи "Миллий фронт" етакчиси Марин Ле Пендан бири ғолиб чиқади. Номзодлар бир-биридан кескин фарқ қилувчи дастурлар тақдим қилган.Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00 да очилган, кечки вақт 19:00 да ёпилади. Бу вақтга қадар экзит-полларнинг натижаси чиқиб бўлиши кутилмоқда.

Овоз беришнинг расмий натижалари 11 майда эълон қилинади, аммо амалда ғолибнинг номи олдинроқ маълум бўлади.

Либерал марказчи Макрон иқтисодга давлат бошқарувини аралаштирмаслик сиёсатини давом эттириш ва Евро Иттифоқ тарафдори. Ле Пен эса французларга миллий ва мигрантларга қарши дастурларни таклиф қилмоқда. У евро пул бирлигидан воз кечиб, мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзолигини референдумга қўймоқчи.

Сўровномалар ва кузатувчилар Макроннинг ғалабасини тахмин қилмоқда. Аммо таҳлилчиларга кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг сайловда кам иштрок этиши унинг имкониятларини тушириб юбориши мумкин.

Овоз бериш якунланганидан сўнг номзодлар тарафдорлари олдида сўзга чиқади.

Сиёсий ва дунёқарашдаги фарқларга қарамасдан икки сиёсатчи ҳам бундай чиқиш учун Франциянинг монархияга оид тарихи билан алоқадор Парижни танлашди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар